Дарсдаги зўравонлик: 1-синф ўқувчиси калтакланган
Бунга ўқувчининг китобни ўқиб бера олмагани сабаб бўлгани аниқланган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган «Бола калтакландими?» сарлавҳали видео юзасидан Наманган вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Наманган вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси маълум қилишича, Косонсой туманидаги 39-сонли умумий ўрта таълим мактабида ҳолат юзасидан ишчи гуруҳ тузилиб, хизмат текшируви бошланган.
Дастлабки ўрганишларга кўра, 16 сентябрь куни соат 10:30 лар атрофида, 3-дарс вақтида бошланғич синф ўқитувчиси томонидан 1-«Б» синф ўқувчисига нисбатан жисмоний таъсир қўлланган. Бунга ўқувчининг китобни ўқиб бера олмагани сабаб бўлгани аниқланган.
Ҳозирда ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш, шунингдек, масъул мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатларини ўрганиш мақсадида хизмат текшируви давом эттирилмоқда.
Текширув якунларига кўра, қонунчиликда белгиланган тартибда мактаб раҳбарияти ва ўқитувчига нисбатан тегишли чоралар кўрилиши маълум қилинди.
Наманган вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси таълим муассасаларида ўқувчиларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш ҳамда зўравонлик ҳолатларининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилишини билдирди.








