Маккага дрон ҳужуми: Ўзбекистон ТИВ ҳужумга уринишни кескин қоралади
Вазирлик Саудия Арабистони билан бирдамлигини билдириб, барча томонларни вазминликка ва халқаро ҳуқуқ нормаларига риоя қилишга чақирди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Саудия Арабистонининг муқаддас Макка шаҳрига йўналтирилган учувчисиз учиш аппаратидан фойдаланилган ҳужумга уринишни қатъиян қоралади.
Вазирлик Саудия Арабистони Подшоҳлиги билан тўлиқ бирдамлигини билдириб, муқаддас қадамжолар, тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмасига таҳдид солувчи ҳар қандай ҳаракатни номақбул, деб ҳисоблашини маълум қилди.
Ўзбекистон ТИВ барча томонларни максимал даражада вазминлик намоён этишга, халқаро ҳуқуқ нормаларига қатъий риоя қилишга, давлатларнинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишга чақирди.
Шунингдек, вазирлик кескинликни камайтириш, можаронинг янада тарқалишига йўл қўймаслик ҳамда минтақада тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашини билдирди.
Маълумот учун, 16 сентябрь куни Саудия Арабистони ҳаво мудофаа кучлари Макка жанубида, шаҳарнинг чекланган ҳаво ҳудудига киришидан аввал дронни уриб туширган. Саудия томони дрон ҳусийлар томонидан учирилганини билдирган, бироқ ҳусийлар Макка томон ҳужум уюштирганини рад этган.








