Тижорий гувоҳнома ва иммиграция иши: АҚШда икки ўзбекистонлик ҳибсга олинди
Улардан бири аввал ҳам маст ҳолда автомобиль бошқаргани учун судланган.

АҚШнинг Нью-Жерси штатида тижорий ҳайдовчилик гувоҳномаларини олиш ва улардан фойдаланишдаги қоидабузарликларни аниқлашга қаратилган махсус операциялар давомида Ўзбекистоннинг икки фуқароси Иммиграция ва божхона назорати хизмати (ICE) томонидан ҳибсга олинди. Бу ҳақда Slavic Sacramento хабар берди.
Маълумотларга кўра, 37 ёшли З.З. 23 август куни Вудбрижда, 30 ёшли X.P. эса Хамилтонда ҳибсга олинган. АҚШ Ички хавфсизлик департаменти маълумотларига кўра, улар иммиграция ишлари бўйича кейинги қарор қабул қилингунга қадар ICE ҳибсхонасида қолмоқда.
ICE маълумотига кўра, З.З. Нью-Йорк штатида тижорий ҳайдовчилик бўйича ўқув рухсатномасига эга бўлган. У 15 май куни Нью-Йоркда маст ҳолда автомобиль бошқаргани учун судланган. Шунингдек, 26 январдан буён унга нисбатан ҳужум, жисмоний зарар етказиш ва таъқиб қилиш билан боғлиқ иш кўриб чиқилаётгани қайд этилган. 28 апрель куни Кренбери полицияси уни бошқа иш бўйича қидирувда бўлган шахс сифатида ҳибсга олган.
X.P. эса Пенсильвания штатида норезидентларга бериладиган тижорий ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлган. 21 июль куни Филадельфиядаги АҚШ Адлия вазирлигининг иммиграция судьяси уни ҳибсда сақлаш тўғрисида қарор чиқарган.
Slavic Sacramento маълумотига кўра, З.З. ҳозир Пенсильваниядаги иммиграция муассасасида сақланмоқда. 9 сентябрь куни суд ҳукуматга уни озод қилиш бўйича гаров масаласини кўриб чиқиш учун 10 кун ичида суд мажлиси ўтказишни буюрган.
Қайд этилишича, мазкур ICE операциялари АҚШ Ички хавфсизлик департаменти ва Транспорт департаментининг тижорий ҳайдовчилик гувоҳномаларини беришдаги фирибгарлик ва ноқонуний амалиётларга қарши курашиш бўйича мамлакат миқёсидаги саъй-ҳаракатлари доирасида ўтказилган.








