Янги Тошкентнинг эртанги куни ўзимизга боғлиқ — Саида Мирзиёева
Саида Мирзиёева Янги Тошкентдаги қурилиш жараёнлари билан танишиб, тадбиркорларни ҳудудга сармоя киритиш, қурилиш ва бизнес лойиҳаларини йўлга қўйишга чақирди.

Саида Мирзиёева Янги Тошкент ҳудудида бўлиб, замонавий бино ва иншоотларнинг қурилиш жараёни билан танишди.
Унинг таъкидлашича, янги шаҳар жадал суръатларда қад ростлаб, ривожланмоқда. Президент ташаббуси билан бошланган бунёдкорлик ишлари доирасида бугунги кунда йирик ва кенг кўламли лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Қайд этилишича, Янги Тошкентнинг шаҳар концепцияси британиялик меъморлар томонидан узоқ истиқболни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган. Мазкур концепция келгуси ўн йилликларда шаҳарнинг изчил ривожланиши учун асос бўлиб хизмат қилиши кўзда тутилган.
Саида Мирзиёева Янги Тошкентнинг келажаги энди шаҳарда амалга ошириладиган лойиҳалар ва яратиладиган имкониятларга бевосита боғлиқ эканини таъкидлади.
Шу муносабат билан у тадбиркорларни Янги Тошкентга алоҳида эътибор қаратишга чақирди. Хусусан, ҳудудга сармоя киритиш, янги қурилиш лойиҳаларини амалга ошириш ва бизнес фаолиятини йўлга қўйиш учун кенг имкониятлар мавжудлиги қайд этилди.
Саида Мирзиёева Янги Тошкентнинг истиқболи ва имкониятлари беқиёс эканини таъкидлаб, янги шаҳарни биргаликда бунёд этиш муҳимлигини қайд этди.








