Актриса Ёдгора Зиёмуҳамедова 74 ёшида вафот этди
Актриса 34 йилдан ортиқ вақт давомида Ўзбекистон давлат ёш томошабинлар театрида фаолият юритган.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, театр ва кино санъатининг таниқли вакили, актриса Ёдгора Зиёмуҳамедова 74 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Маданият вазирлиги хабар берди.
Ёдгора Зиёмуҳамедова 34 йилдан ортиқ вақт давомида Ўзбекистон давлат ёш томошабинлар театрида фаолият юритиб, саҳнада 100 га яқин образ яратган. У “Қизил шапкача” спектаклида Қизил шапка, “Зумрад ва Қиммат”да Қиммат, “Фарзандим жигарбандим”да Санобар, “Сенинг тақдиринг”да Назира, “Яраш-яраш”да Покиза, “Бургут”да Гулнур, “Биринчи муаллим”да Олтиной каби ролларни ижро этган.
Актриса телевидение ва кино соҳаларида ҳам самарали ижод қилган. У, айниқса, болалар севиб томоша қилган “Оқшом эртаклари” кўрсатувини 25 йил давомида олиб борган.
Ёдгора Зиёмуҳамедова миллий санъат ривожига қўшган ҳиссаси ва серқирра ижоди билан ўзбек театр ва телевидение санъати тарихида из қолдирди.
Маданият вазирлиги унинг вафоти муносабати билан марҳуманинг оила аъзолари ва яқинлари, шогирдлари, ҳамкасблари ҳамда санъат аҳлига таъзия билдирди.








