Исроилга визасиз кириш: Қозоғистон фуқаролари бемалол йўл олиши мумкин
Бу Қозоғистонни Марказий Осиё ва Жанубий Кавказда Исроилга визасиз кириш имконига эга биринчи давлатга айлантиради.

Қозоғистон ва Исроил ўртасида визасиз режим жорий этилиши 2027 йил бошида кутилмоқда. Ҳозирда томонлар тегишли келишув устида иш олиб бормоқда.
Исроилнинг Қозоғистондаги элчиси Ёав Бйстритский Остонада журналистлар билан учрашувда визасиз режим бўйича келишув имзоланиши кутилаётганини маълум қилди.
Дипломатнинг сўзларига кўра, ҳужжатни имзолаш Қозоғистон ташқи ишлар вазирининг Исроилга бўлажак ташрифи доирасида амалга оширилиши режалаштирилган. Бироқ ташриф ва келишувни имзолашнинг аниқ санаси ҳозирча белгиланмаган.
«Биз Қозоғистон ва Исроил ўртасида визасиз келишув имзоланишини кутмоқдамиз. Ҳозирда бу борада иш олиб бормоқдамиз. Ҳозирча аниқ сана йўқ, бироқ бу 2027 йил бошида амалга ошиши мумкин», — деди Бйстритский.
Унинг қайд этишича, келишув амалга ошса, Қозоғистон фуқаролари Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ давлатлари орасида Исроилга визасиз ташриф буюриш имконига эга бўлган биринчи давлат фуқаролари бўлади.
Элчи, шунингдек, икки мамлакат ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш бўйича ҳам ишлар олиб борилаётганини айтди.
Бйстритскийга кўра, тўғридан-тўғри рейсларнинг йўлга қўйилиши нафақат туризм, балки икки давлат ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни ҳам ривожлантиришга хизмат қилиши мумкин.
«Биз Қозоғистон ва Исроилга кўпроқ ишбилармонларнинг ташриф буюришини истардик. Ҳаво қатнови бундай бизнес алоқаларини йўлга қўйиш учун энг муҳим омиллардан бири бўлиши мумкин», — деди дипломат.
Маълумот учун, 2026 йил январь ойида Қозоғистон ва Исроил визасиз режимни жорий этиш бўйича ният меморандумини имзолаган эди.








