Кимларга контракт учун чегирма берилади? Педагоглар фарзандлари учун янги тартиб
Педагогларнинг давлат ОТМларига ўқишга кирган ва таҳсил олаётган фарзандлари учун контракт тўловига чегирма жорий этилади.

Ҳукуматнинг 17 сентябрдаги 501-сон қарори билан педагогларнинг давлат олий таълим ташкилотларида таҳсил олаётган фарзандлари учун тўлов-контракт суммасига чегирма бериш тартиби тасдиқланди.
Унга кўра, 2026/2027-ўқув йилидан бошлаб давлат ОТМларининг кундузги бакалавриат босқичида таҳсил олаётган педагоглар фарзандларининг тўлов-контракт суммасига 30 фоиз миқдорида чегирма берилади.
Агар педагогнинг бир нечта фарзанди давлат ОТМларида контракт асосида ўқиётган бўлса, чегирма ҳар бир фарзанд учун алоҳида қўлланилади.
Бунинг учун педагог фарзанди контракт шартномасини олиш юзасидан kontrakt.edu.uz тизими орқали ариза юборади. Аризани кўриб чиқиш жараёнида унинг педагог фарзанди эканлиги “Рақамли ҳукумат” тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали тасдиқланса, чегирма автоматик тарзда қўлланади.
Аризалар масъул ташкилот томонидан 2 иш куни ичида кўриб чиқилади. Чегирма ҳар бир ўқув йили учун бир маротаба қўлланади.
Мазкур имтиёз қуйидагиларга татбиқ этилмайди:
-
олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим ташкилотларида;
-
Ўзбекистонда фаолият юритаётган хорижий ОТМлар ва уларнинг филиалларида;
-
қўшимча ва табақалаштирилган тўлов-контракт асосида;
-
хорижий ҳамкор ОТМларнинг қўшма таълим дастурлари ва факультетларида;
-
нодавлат олий таълим ташкилотларида таҳсил олаётганларга.
Шунингдек, педагогнинг ота-онаси педагог тоифасидан чиқарилган тақдирда, кейинги ўқув йилидан бошлаб чегирма қўлланиши тўхтатилади.








