Оролбўйида паррандачилик: Кегейли паррандачиликни ривожлантирмоқда
Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга ташрифи давомида “Кегейли барака наслли парранда” корхонаси фаолияти билан танишди. 7,8 млн долларлик лойиҳада 130 минг товуқ парвариш қилинмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга ташрифи давомида Кегейли туманидаги “Кегейли барака наслли парранда” корхонаси фаолияти билан танишди.
Мазкур йирик корхона давлат раҳбарининг 2024 йил 28 июндаги паррандачилик соҳасини қўллаб-қувватлашга қаратилган қарори асосида ташкил этилган. Лойиҳанинг умумий қиймати 7,8 млн долларни ташкил этади.
21 гектар майдонда жойлашган корхона ишга туширилиши натижасида 70 нафар маҳаллий аҳоли доимий иш билан таъминланган.
Мажмуа бир вақтнинг ўзида 200 мингтагача товуқ боқиш имкониятига эга. Ҳозирда бу ерда 130 минг товуқ парвариш қилинмоқда. Корхона давлат буджетига 4,8 млрд сўм тушум келтириб, туман иқтисодиётига ҳисса қўшмоқда.
Мажмуада йилига 27,5 млн дона инкубацион тухум етиштирилади. Маҳсулотлар товуқ ва бир кунлик жўжа кўринишида сотувга чиқарилади.
Корхонанинг озуқа билан таъминоти ҳам ўзида йўлга қўйилган. Бу ерда суткасига 100 тонна ем ишлаб чиқариш қувватига эга алоҳида завод қурилган бўлиб, ишлаб чиқариш жараёнлари тўлиқ автоматлаштирилган.
Қайд этилишича, илгари Қорақалпоғистонга товуқ ва тухум маҳсулотлари мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларидан олиб келинган. Кегейли туманидаги янги корхона эса Оролбўйи ҳудудининг ушбу маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини қоплаш билан бирга, экспортни ҳам йўлга қўйган.
Жорий йилнинг сентябрь ойига қадар Афғонистонга 1,1 млн долларлик маҳсулот экспорт қилинган. Йил якунига қадар бу кўрсаткични 1,5 млн долларга етказиш режалаштирилган.
Шунингдек, йил охиригача яна 8,5 гектар майдонда қиймати 5 млн долларлик янги фабрикани ишга тушириш мўлжалланган. Лойиҳа амалга оширилиши билан ишлаб чиқариш ҳажми ошиб, қўшимча иш ўринлари яратилади.
Президент бундай замонавий мажмуалар келгусида йирик паррандачилик холдингларига айланиши, янги ва юқори маошли иш ўринларини яратиши зарурлигини таъкидлади. Мутасаддиларга бу борада тегишли кўрсатмалар берилди.








