Шавкат Мирзиёев Каллибек Камалов хотирасини ёд этди
Каллибек Камалов кўп йиллар Қорақалпоғистонда раҳбарлик лавозимларида фаолият юритиб, ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожига ҳисса қўшган.

Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикасига ташрифини бошлади.
Сафар аввалида давлат раҳбари атоқли давлат ва жамоат арбоби Каллибек Камаловнинг хонадонига ташриф буюрди. Қуръон тиловат қилиниб, марҳумнинг ҳаққига дуои фотиҳа қилинди.
Президент марҳумнинг ибратли ҳаёт йўли, эзгу ишлари ҳамда эл-юрт равнақи йўлидаги хизматларини ёдга олди. Ўтганлар хотирасига эҳтиром кўрсатиш ва катталарни эъзозлаш ёш авлод учун ибрат эканини таъкидлади.
Каллибек Камалов жорий йил февраль ойида вафот этган. У кўп йиллар давомида Қорақалпоғистонда раҳбарлик лавозимларида фаолият юритиб, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, саноат ва қишлоқ хўжалигини тараққий эттириш ҳамда аҳоли турмуш шароитини яхшилашга катта ҳисса қўшган.
Кейинги йилларда эса нуронийлар жамоатчилик кенгаши раиси сифатида кексаларни қўллаб-қувватлаш, жамиятдаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ва ёшлар тарбиясида фаол иштирок этган.
Каллибек Камаловнинг хизматлари «Шуҳрат» медали ва “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланган.








