Шўр ерда боғдорчилик: Қорақалпоғистонда интенсив боғлар майдони 10 минг гектарга етказилади
Шавкат Мирзиёев Кегейли туманидаги “ADM Agro” корхонасининг 330 гектарлик саноатлашган интенсив боғида йўлга қўйилган аграр тажриба билан танишди.

Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли туманидаги “ADM Agro” корхонасининг саноатлашган интенсив боғида йўлга қўйилган замонавий аграр тажриба билан танишди.
Жиззах вилоятида автомобиль ишлаб чиқараётган “ADM Group” компанияси фаолиятини бошқа йўналишларда ҳам кенгайтирмоқда. Оролбўйида интенсив боғдорчиликни ривожлантириш ана шундай янги йўналишлардан бири бўлган.
55 млрд сўм маблағ йўналтирилган лойиҳа Оролбўйининг оғир иқлими ва шўр тупроғида ҳам замонавий технологиялар асосида самарали боғдорчиликни йўлга қўйиш мумкинлигини кўрсатмоқда.
Боғнинг умумий майдони 330 гектарни ташкил этади. Бу ерда маҳаллий аҳоли учун 100 та доимий иш ўрни яратилган.
Ҳозирда 69 гектар майдонга АҚШда селекция қилинган 250 минг туп қора олхўри кўчати экилган. Мазкур нав шўр ерларга чидамлилиги билан ажралиб туради. Кўчатлар экилганидан икки йил ўтиб ҳосилга кириши, бир туп дарахтдан 50–60 килограммгача ҳосил олиш мумкинлиги қайд этилди.
Меванинг йириклиги ва данагининг осон ажралиши уни қайта ишлаш учун ҳам қулай ҳисобланади.
Ердан самарали фойдаланиш мақсадида дарахтлар орасига ҳосилдор помидор нави ҳам экилган. Ушбу экин майдонининг ҳар бир гектаридан ўртача 40–45 тонна ҳосил олиш мумкин.
Боғда сув танқислиги муаммосини камайтириш учун ёпиқ дренаж ва томчилатиб суғориш тизимлари жорий этилган. Оддий суғоришда бир гектар майдонга 12 минг литр сув сарфланса, янги тизимда бу кўрсаткич 5 минг литрни ташкил этмоқда. Натижада сув сарфи 60 фоизгача тежалмоқда.
Тизим орқали сув ва минерал ўғитлар тўғридан-тўғри ўсимлик илдизига етказилади. Берилган минерал ўғитларнинг 90 фоизигача ўсимлик томонидан ўзлаштирилиши, намликнинг бир маромда сақланиши эса ҳосилдорликни ошириши айтилди. Жараён тўлиқ автоматлаштирилгани сабабли катта майдонларни битта оператор бошқариши мумкин.
Шунингдек, етиштирилган меваларни шу ернинг ўзида қуритиш ва қайта ишлаш имконини берувчи ускуналар ўрнатилган. Бу маҳсулотнинг қўшимча қийматини оширишга хизмат қилмоқда.
Тайёр маҳсулотларни экспорт қилиш бўйича Хитой, Корея ва Россия билан шартномалар имзоланган.
Кегейли туманидаги мазкур тажрибани Қорақалпоғистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам кенгайтириш режалаштирилган. Интенсив боғлар майдонини 10 минг гектарга етказиш ҳамда 40 мингта доимий ва мавсумий иш ўрнини яратиш кўзда тутилган.
Давлатимиз раҳбари шу ерда фермерлар билан мулоқот қилиб, уларнинг фикрларини тинглади. Фермерлар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни эътироф этиб, Қорақалпоғистон тараққиётига қаратилаётган эътибор учун миннатдорлик билдирди.








