17,5 фоиздан 12 фоизгача: Қорақалпоғистонда оилавий тадбиркорлик кредитлари арзонлаштирилади
Келаси йили “драйвер” лойиҳаларга 100 миллион доллар йўналтирилиб, камида 50 минг одамни даромадли қилиш мақсад қилинган.

Қорақалпоғистонни камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш масалалари Президент Шавкат Мирзиёев раислигидаги йиғилишда муҳокама қилинди.
Қайд этилишича, ҳудуддаги 2 минг нафар тадбиркор сўнгги уч йил давомида 2 триллион 145 миллиард сўмлик кредитни ўз вақтида қайтариб, банкларнинг ишончли мижозига айланган.
“Мижозни ўстириш” модели асосида ушбу тажрибани кенгайтириб, яна камида 30–40 минг кишини ишли ва даромадли қилиш имконияти мавжуд.
Шу мақсадда ҳудудга масъул банк ишончли мижозлар учун 16 фоиз ставкада 300 миллиард сўмлик кредит линиясини очмоқда. Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси кредит фоизининг 4 фоизини қоплаб бериши ҳисобига тадбиркор учун якуний ставка 12 фоизни ташкил этади.
Қолган 8 та банкка ҳам бир ой муддатда шундай қулай кредит маҳсулотларини ишлаб чиқиш топширилди.
Шунингдек, Қорақалпоғистонда оилавий тадбиркорлик кредитлари ставкаси 17,5 фоиздан 12 фоизгача туширилади.
Келаси йили ушбу йўналишдаги ресурслар 2 карра оширилади. Уйчи ва Зарбдор тажрибаси асосида «драйвер» лойиҳаларни амалга ошириш учун 100 миллион доллар йўналтирилади. Бу орқали камида 50 минг кишини даромадли қилиш вазифаси қўйилди.
Ҳудудда бизнес инфратузилмасини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сўнгги икки йилда бу мақсадга 370 миллиард сўм ажратилиши ҳисобига 2 минг 200 та савдо-сервис объекти ишга туширилиб, 10 мингга яқин иш ўрни яратилди.
Йиғилишда Нукус туманидаги Дийқан арна маҳалласида 60 ўринли боғча, футбол ва воркаут майдончалари ташкил этилгани ҳам қайд этилиб, бундай лойиҳалар маҳаллаларда янги имконият ва қулайликлар яратиши таъкидланди.
Туман ҳокимларига жорий йилда иқтисодий ўсиш ва бандликка туртки берадиган яна иккитадан лойиҳа ишлаб чиқиб, 10 минг кишини даромадли қилиш топширилди.
Мазкур лойиҳаларни молиялаштириш учун 100 миллиард сўм ажратилади ва бир ҳафта ичида маблағларни йўналтириш бошланади.








