3 минг шифокор ва 6,8 минг тиббиёт ходими: Оролбўйида янги тиббий академия иш бошлади
4,6 гектар майдонда барпо этилган янги мажмуада 80 та иш ўрни яратилди.

Қорақалпоғистонда тиббий таълим ва малакали кадрлар тайёрлаш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган янги муассаса — Қорақалпоғистон илмий-амалий тиббиёт академияси ташкил этилди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистонга ташрифи давомида танишилган мазкур академия ҳудуд соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш ҳамда тиббиёт ходимларининг малакасини оширишга хизмат қилади
Лойиҳа доирасида 4,6 гектар майдонда 154 млрд сўмлик замонавий мажмуа барпо этилган. Бу ерда 80 та янги иш ўрни яратилган.
Академияда ҳар йили 3 минг нафар шифокор ҳамда 6 минг 800 нафар ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходими ўз малакасини ошириш имкониятига эга бўлади.
Шунингдек, Оролбўйи ҳудудларидан ҳар йили 100 нафарга яқин ёш мутахассис чуқурлаштирилган дастурлар асосида тайёрланади.
Узоқ ҳудудлардан келадиган тиббиёт ходимлари учун эса 72 ўринли замонавий меҳмонхона ташкил этилган.
Янги тизим орқали Оролбўйи ҳудудларида тиббий кадрлар салоҳиятини ошириш, малакали мутахассислар тайёрлаш ва аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини яхшилаш кўзда тутилган.








