45,1 млрд доллар ва ҳали тўлиқ ҳисоб эмас: АҚШнинг Эронга қарши уруши қанчага тушди?
Пентагоннинг янги ҳисоб-китобига кўра, шикастланган базалар ва биноларни таъмирлаш харажатлари киритилмаган.

АҚШнинг Эронга қарши ҳарбий операцияси харажатлари 45,1 млрд долларга етган. Бу ҳақда CNN Пентагоннинг Конгрессга тақдим этган маълумотларига таяниб хабар берди.
Пентагон ҳисоб-китобига кўра, 3 сентябрь ҳолатига ҳарбий операцияларнинг асосий харажатлари 43,6 млрд долларни ташкил этган. Бунга қўшимча равишда ёқилғи учун 1,5 млрд доллар сарфланган.
Янги ҳисоб-китоб аввалги баҳолардан ҳам юқори. Пентагон июль ойида операция харажатларини 37,5 млрд доллар деб баҳолаган эди. Конгресснинг Бюджет идораси эса 1 август ҳолатига харажатларни 38 млрд доллар деб ҳисоблаган.
Шу билан бирга, 45,1 млрд долларлик сумма якуний ҳисоб эмас. Пентагон маълумотларида Эрондаги ҳужумлар оқибатида шикастланган АҚШ ҳарбий базалари ва биноларини таъмирлаш харажатлари ҳисобга олинмаган. Шунингдек, ҳарбий операцияларнинг айрим билвосита харажатлари бўйича батафсил маълумотлар ҳам келтирилмаган.
Пентагоннинг алоҳида ҳисоб-китобига кўра, 43,6 млрд долларнинг 28,1 млрд доллари сарфланган ўқ-дориларни алмаштириш, 4,3 млрд доллари эса йўқотилган ҳарбий техникаларни қоплаш учун мўлжалланган. Яна 11,2 млрд доллар операциянинг қўшимча харажатларига тўғри келади.
АҚШ Конгрессининг Бюджет идораси ҳарбий ҳаракатлар давом этган тақдирда, август ойидан кейин операциянинг ҳар ойда тахминан 2–3 млрд долларга тушиши мумкинлигини билдирган. Можаро кучайган даврларда харажатлар бундан ҳам юқори бўлиши мумкин.








