Ар-Риёдда хавф сигнали янгради: портлаш овозлари эшитилди
Ҳодиса оқибатида қурбонлар ёки жароҳатланганлар ҳақида ҳам маълумот берилмаган.

Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёдда ҳаво хавфи ҳақида огоҳлантириш берилганидан сўнг кучли портлаш овозлари эшитилган.
19 сентябрь тонгида Саудия Фуқаро мудофааси Ар-Риёд ҳамда пойтахт яқинидаги Ал-Ҳарж шаҳри аҳолиси учун ҳаводан келиши мумкин бўлган хавф ҳақида огоҳлантириш эълон қилган.
Аҳолига хавфсизлик чораларига риоя қилиш, очиқ жойлардан ва деразалардан узоқроқ бўлиш ҳамда зарурат туғилганда хавфсиз биноларга кириш тавсия этилган.
Огоҳлантиришдан кўп ўтмай Ар-Риёдда икки марта кучли портлаш овози эшитилган. Орадан тахминан ярим соат ўтиб, Саудия Фуқаро мудофааси шаҳардаги хавф бартараф этилганини маълум қилган.
Ҳозирча портлашларга нима сабаб бўлгани расман очиқланмаган. Шунингдек, ҳодиса оқибатида қурбонлар ёки жароҳатланганлар бор-йўқлиги ҳақида маълумот берилмаган.
Воқеа Саудия Арабистони ва Ямандаги ҳусийлар ўртасидаги кескинлик кучайган бир пайтга тўғри келмоқда. Сўнгги кунларда Саудия ҳудудига дрон ва ракета ҳужумлари ҳақида хабарлар берилган.








