Бухорода қидирувдаги машина сотиб юборилди
Кейинчалик автомашина МИБ орқали харидорнинг ўйидан топилган.

Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро суди ижро ҳужжатига кўра, Жондор туманида яшовчи қарздор К.Ж.дан ундирувчи АТБ “Агробанк”фойдасига 45 839 200 сўм ва Ромитан туманлараро суди ижро ҳужжатига кўра, эса 48 444 000 сўм кредит қарзларини ундириш белгиланган.
Қарздорга муддат берилган бўлса-да, қарздорлик бартараф қилинмаган.
Иш юритувда қарздорга нисбатан 200 миллион сўмдан ортиқ бир неча ижро ҳужжатлари мавжуд. Қарздор номидаги мол-мулкларга тақиқ қўйилиб, “Lacetti” автомашинасига қидирув эълон қилинган.
Қарздор қарзини тўлаш ўрнига, кейинчалик расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, автомашинани танишига сотиб юборган. Ачинарлиси, харидор ҳолатдан хабардор бўлиб, қидирувдаги автомашинани уйига яшириб қўйган.
Ижро ҳаракатлари давомида қидирувдаги автомашина харидор уйидан топилди. Энди, харидор пулини қайтаришни сўрамоқда.Ҳозирда, ижро ҳаракатлари давом этмоқда.







