“Бункер” ва масофадан ечилган тестлар: ноқонуний “SAT” сертификати олиш схемаси фош этилди
Тошкент вилоятида фуқароларга “SAT” сертификатини ноқонуний олиб бериш билан шуғулланган гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.

ДХХ Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят ИИББ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқароларга олий таълим муассасаларига ўқишга киришда фойдаланиладиган математика ва инглиз тили бўйича халқаро “SAT” сертификатини ноқонуний тарзда олиб бериш билан шуғулланган гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.
Аниқланишича, гуруҳ аъзоларининг аксарияти Европадаги нуфузли университетнинг Тошкент шаҳридаги филиалида, яна бир нафари Осиёнинг етакчи давлатларидан биридаги олий таълим муассасасининг пойтахтдаги филиалида таҳсил олган. Улар Янгиҳаёт туманидаги хусусий мактаб биносида махсус «бункер» ташкил қилган.
Гуруҳ фаолиятида IТ соҳасига ихтисослашган МЧЖ мутахассиси ҳам иштирок этган. У яширин тарзда тизимга кириб, тест саволларини ишлаш имкониятини яратган. Шундан сўнг талабалар масофадан туриб, имтиҳон топшираётган фуқаролар ўрнига тест саволларини ечиш билан шуғулланган.
Бундан ташқари, гуруҳ аъзоларидан бири халқаро “SAT” сертификатини қўлга киритмоқчи бўлган 5 нафар фуқаронинг ҳар биридан 1,5 минг АҚШ долларидан талаб қилган. У ҳатто улардан бирининг пул маблағларини криптоҳамён орқали олишга улгурган.
Ҳолат юзасидан қонунбузарларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.








