Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси Раисига “генерал-майор” унвони берилди
Шунингдек, қорақалпоқ халқининг буюк фарзанди, шоир ва мутафаккир Бердақ Қарғабай ўғли таваллудининг 200 йиллигини муносиб нишонлаш дастурларини ишлаб чиқиш топширилди.

Келаси йили қорақалпоқ халқининг буюк фарзанди, шоир ва мутафаккир Бердақ Қарғабай ўғли таваллудига 200 йил тўлади.
Президент Шавкат Мирзиёев шоирнинг «Ҳамиша сен хизмат этгил халқ учун, ўзим дема ғамхўрлик қил халқ учун» деган ҳикматли сўзлари бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаганини таъкидлади.
Президент улуғ зиёлиларнинг илмий-ижодий меросини чуқур ўрганиш, рақамлаштириш, асраб-авайлаш ва уни халқимизга, айниқса, ёш авлодга етказиш муҳимлигини таъкидлади.
Келгуси йили Бердақ Қарғабай ўғли таваллудининг 200 йиллигини мамлакатимизда муносиб нишонлаш таклифи билдирилди. Шу муносабат билан мутасаддиларга бир ой муддатда кенг қамровли дастур ишлаб чиқиш ва уни амалга оширишни бошлаш топширилди.
Шавкат Мирзиёев раислигидаги Қорақалпоғистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш давомида ҳудуд ва тармоқлар раҳбарларининг ахборотлари тингланиб, Қорақалпоғистон фаоллари билан мулоқот қилинди.
Тадбир якунида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаевга алоҳида унвон берилди.
Унга ички ишлар органлари тизимидаги кўп йиллик самарали меҳнати, Қорақалпоғистонни ҳар томонлама ривожлантириш, аҳоли фаровонлиги, хавфсизлиги ва осойишта ҳаётини таъминлаш, жамиятда меҳр-оқибат, аҳиллик ва тотувликни асраш ҳамда мустаҳкамлаш борасидаги хизматлари учун Президент томонидан «генерал-майор» махсус унвони берилди.








