Овқатдан заҳарланиш гумони: касалхонага ётқизилганлар сони 57 нафарга етди
Фарғонада фастфуд маҳсулотлари тайёрлайдиган шохобча фаолияти вақтинча тўхтатилди.

Фарғона вилояти Учкўприк туманида 17–18 сентябрь кунлари ҳолсизлик, кўнгил айниши ва ич кетиши каби шикоятлар билан фуқаролар тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган.
18 сентябрь соат 20:00 ҳолатига кўра, 57 нафар фуқаро тиббий ёрдам сўраган ва уларнинг барчаси шифохонага ётқизилган. Беморлар орасида оғир ёки реанимацион ҳолатдаги фуқаролар йўқ.
Дастлабки эпидемиологик суриштирув давомида мурожаат қилган фуқароларнинг Учкўприк тумани Наврўзшоҳ кўчасида жойлашган фастфуд маҳсулотлари тайёрлайдиган шохобчалардан бирида хот-дог ва нон-бургер истеъмол қилгани аниқланган.
Шифокорлар томонидан беморларда овқатдан заҳарланиш ҳолати гумон қилинмоқда.
Ҳолат юзасидан эпидемиологик суриштирув ишлари давом этмоқда. Тадбиркорлик субъектининг фаолияти эса қонунчиликда белгиланган тартибда вақтинча тўхтатилган.








