99,85 фоиз овоз: Рамзан Қодиров Чеченистон раҳбари этиб қайта сайланди
Чеченистон раҳбарлиги учун қолган 2 номзод 0,05 фоиздан овоз олган.

Россия Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, Чеченистон раҳбари сайловида барча бюллетенлар ҳисоблаб чиқилган. “Ягона Россия”дан номзод Рамзан Қодиров 99,85 фоиз овоз билан ғалаба қозонган.
Сайловда Қодировдан ташқари яна икки номзод қатнашган. “Адолатли Россия” вакили, Чеченистон Жамоатчилик палатаси раиси Исмоил Денилханов ҳамда КПРФдан Чеченистон парламенти депутати Холид Накаевнинг ҳар бири 0,05 фоиздан овоз олган.
Бу Қодировнинг Чеченистон раҳбари сифатида учинчи тўғридан-тўғри сайлови бўлди. У 2016 йилги сайловда 97,94 фоиз, 2021 йилги сайловда эса 99,7 фоиз овоз олган.
Қодиров Чеченистонни 2007 йилдан бери бошқариб келмоқда. Шу жиҳатдан у Россиянинг амалдаги минтақа раҳбарлари орасида лавозимда энг узоқ фаолият юритаётганлардан бири ҳисобланади.
Чеченистон Шимолий Кавказ федерал округидаги минтақалар орасида раҳбарни тўғридан-тўғри сайлаш тартиби сақланиб қолган ҳудудлардан биридир. 2026 йилги сайловда Қодиров ўз номзодини илгари суришни истаганини ва минтақа раҳбарини халқнинг бевосита овози билан сайлаш муҳимлигини айтган.
Сайлов натижаларига кўра, Қодиров навбатдаги муддатга Чеченистон раҳбари лавозимини эгаллайди.








