Боғча болалари хавфсизлигига бепарволик: ҳайдовчи ушланди
Ҳайдовчи Damas'да 16 нафар боғча боласини олиб кетаётгани аниқланган.

Сирдарё вилояти Гулистон туманида Damas автомобилида 16 нафар боғча тарбияланувчисини олиб кетаётган ҳайдовчи аниқланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, амалдаги йўл ҳаракати қоидаларига кўра, транспорт воситасининг техник тавсифида кўзда тутилган йўловчилар сонидан ортиқ одам ташиш тақиқланган.
Шунга қарамай, Гулистон тумани ҳудудидан ўтувчи автомобиль йўлларида Damas русумли транспорт воситаси ёрдамида 16 нафар боғча тарбияланувчисини олиб кетиш ҳолати аниқланган.
Мазкур қоидабузарлик юзасидан ҳайдовчи билан профилактик тушунтириш ишлари олиб борилган.
Шунингдек, ҳайдовчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 128-8-моддаси асосида маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда 25 нафар боғча боласини олиб кетаётган ҳайдовчи ушлангани хабар қилинган эди.








