Италия мактабларида хорижий ўқувчилар сони чекланади: бурқа ва ниқоб кийиш ҳам тақиқланади
Айрим хорижлик ўқувчиларнинг ота-оналарига итальян тилини ўрганиш мажбурияти юклатилиши мумкин.

Италия ҳукумати мактаб синфларида хорижий ўқувчилар сонини чеклаш ҳамда таълим муассасаларида бурқа ва ниқоб кийишни тақиқлашни назарда тутувчи қонун лойиҳасини тайёрламоқда. Бу ҳақда бош вазир Жоржа Мелони маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, янги тартиб бир синфда бўлиши мумкин бўлган хорижий ўқувчиларнинг максимал сонини белгилашни назарда тутади. Мактаб тизимига мослашишда жиддий қийинчиликларга дуч келаётган хорижий ўқувчиларнинг ота-оналарига итальян тилини ўрганиш мажбурияти ҳам юкланиши мумкин.
Қонун лойиҳасида мактабларда юзни тўлиқ ёпиб турувчи бурқа ва ниқоб кийишни тақиқлаш ҳам кўзда тутилган.
«Мактабга юз очиқ ҳолда келиш керак. Италияда ҳеч ким — чинакам ёки ўйлаб топилган анъана номидан — ёш аёл ўз юзини яшириши кераклигини белгилай олмайди», — деди Мелони.
Бош вазир бир синфда нечта хорижий ўқувчига рухсат берилиши режалаштирилаётганини ҳозирча аниқ маълум қилмаган.
Мелонининг таъкидлашича, синфда итальян тилини билмайдиган ўқувчилар сони кам бўлса, улар ўқитувчилар ва синфдошларининг ёрдами билан тезроқ интеграциялашиши мумкин. Бундай ўқувчилар сонининг кўплиги эса, унинг фикрича, таълим жараёнини мураккаблаштиради.








