“Мутлақо хавфсиз”, “ножўя таъсири йўқ”: Рақобат қўмитаси тиббий хизматлар рекламаси бўйича огоҳлантирди
Қўмита тиббий хизматлар рекламасида даволаш натижасини кафолатлаш, мутлақ хавфсизликни ваъда қилиш ёки қарши кўрсатмаларни инкор этишга йўл қўйилмаслигини эслатди.

Рақобат қўмитаси тиббий хизматлар рекламасида даволаш натижасини кафолатловчи ва хизмат самарадорлигини бўрттириб кўрсатувчи иборалардан фойдаланиш бўйича тадбиркорларни огоҳлантирди.
Қўмитага кўра, сўнгги вақтларда тиббий хизматлар рекламаларида «касалликдан бир умрга халос қиламиз», «мутлақо хавфсиз», «3 кунда даволаймиз», «ҳеч қандай ножўя таъсири йўқ», «бизга келган беморларнинг барчаси соғаяди» каби иборалар қўлланаётган ҳолатлар кузатилмоқда.
Қайд этилишича, рекламада даволаш натижасини кафолатлаш, мутлақ хавфсизликни ваъда қилиш, қарши кўрсатмаларни инкор этиш, беморга муайян натижани ваъда қилиш ёки организмнинг индивидуал хусусиятларини ҳисобга олмаслик қонунчилик талабларининг бузилишига олиб келиши мумкин.
Шунингдек, тиббий фаолиятни амалга ошириш учун берилган лицензияда кўрсатилмаган хизматларни реклама қилиш тақиқланади.
«Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 16-моддасига мувофиқ, реклама фойдаланувчиларни чалғитадиган ёки чалғитиши мумкин бўлган номақбул маълумотларни ўз ичига олмаслиги лозим.
Бундан ташқари, қонуннинг 47-моддасига кўра, номақбул реклама берганлик ёки аксилреклама беришни рад этганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 70 баравари миқдорида жарима солиниши мумкин.
«Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунга кўра, нотўғри реклама ёки ахборот оқибатида сотиб олинган товар, иш ёки хизмат сабаб истеъмолчига етказилган зарар ишлаб чиқарувчи, ижрочи ёки сотувчи томонидан тўлиқ қопланиши зарур.
Рақобат қўмитаси тиббий хизматларни реклама қилаётган тадбиркорлик субъектларини рекламаларини амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқлаштиришга ҳамда истеъмолчиларга нотўғри ва чалғитувчи маълумотлар беришдан тийилишга чақирди.
Қўмита тиббий хизматлар рекламаси соҳасида мониторинг ишларини тизимли равишда давом эттиришини маълум қилди.








