Россия, Ветнам ва Таиланддаги тажриба: Чирчиқда нарколаборатория фош этилди
Гиёҳвандлик воситаларини тайёрлаш ва сотиш билан шуғулланган 4 нафар фуқаро ушланди.

Чирчиқ шаҳрида хонадонни ижарага олиб, гиёҳвандлик воситаларини тайёрлаш ва сотиш билан шуғулланган 4 нафар фуқаро ушланди.
Маълум қилинишича, тезкор тадбир ДХХнинг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят ИИББ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган.
Аниқланишича, 2000 ва 2002 йилларда туғилган шахслар «Телеграм» мессенжеридаги хорижлик кураторлари томонидан контрабанда йўли билан етказиб берилган «гашиш мойи» ва ярим тайёр маҳсулотларни қайта ишлаб, «гашиш» гиёҳвандлик воситасини тайёрлашган.
Хонадон кўздан кечирилганда, тахминий оғирлиги 400 грамм бўлган «гашиш», 5 кг ярим тайёр маҳсулот, шунингдек, наркотик моддаларни тайёрлаш ва қуритишда фойдаланилган электр печь, миксер, тарози, қўлқоплар, ҳимоя воситалари ҳамда елим идишлар ашёвий далил сифатида олинган.
Терговга қадар ўтказилган текширув давомида гумонланувчилардан бир нафари аввал Россияда, яна икки нафари эса Ветнам ва Таиландда лаборатория шароитида наркотик моддалар тайёрлаш билан шуғуллангани аниқланган.
Ҳолат юзасидан уларга нисбатан Жиноят кодексининг 276¹-моддаси 3-қисми «а» ва «б» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.








