Шифокорлар қаримоқда: ЖССТ 2030 йилга бориб тиббиёт ходимлари танқислигидан огоҳлантирди
ЖССТ маълумотларига кўра, 122 мамлакатдаги ҳар тўртинчи шифокор 55 ёшдан катта.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 2030 йилга келиб дунё бўйича тиббиёт ходимлари танқислиги 11,1 миллион нафарга етиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
ЖССТ вакили Ҳассум Диаллонинг Женевада ўтказилган брифингда маълум қилишича, кўплаб мамлакатларда аҳоли билан бир қаторда тиббиёт ходимлари ҳам қариб бормоқда. Бу эса келгусида соғлиқни сақлаш тизимларидаги кадрлар танқислигини кучайтириши мумкин.
Ташкилотнинг 122 мамлакатдаги сўнгги маълумотлари таҳлилига кўра, ўртача ҳисобда ҳар тўртинчи шифокор 55 ёшдан катта. Юқори даромадли мамлакатларда эса бундай шифокорлар улуши деярли учдан бирига етади. Уларнинг катта қисми келгуси ўн йил ичида нафақага чиқиши кутилмоқда.
ЖССТ прогнозига кўра, 2030 йилга бориб 67 та мамлакатда аҳолининг соғлиқни сақлаш эҳтиёжларини қондириш учун зарур бўлган тиббиёт ходимлари етишмаслиги мумкин.
Ташкилот маълумотларига кўра, ҳозир дунё бўйича 70 миллиондан ортиқ тиббиёт ходими фаолият юритмоқда. Сўнгги йигирма йил ичида уларнинг аҳоли сонига нисбати 52 фоизга ошган: 2006 йилда ҳар 10 минг кишига 44,8 нафар тиббиёт ходими тўғри келган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 67,9 нафарга етган.
ЖССТ аҳолининг қариши соғлиқни сақлаш хизматларига бўлган талабни ҳам оширишини қайд этган. Шу сабабли ташкилот мамлакатларни тиббиёт ходимларини тайёрлаш, ишга жалб қилиш ва уларни тизимда сақлаб қолишга қаратилган узоқ муддатли сиёсатни ишлаб чиқишга чақирди.
Ташкилот, шунингдек, соғлиқни сақлаш тизимини режалаштиришда ҳам аҳоли, ҳам тиббиёт ходимларининг демографик ўзгаришларини ҳисобга олиш зарурлигини таъкидлади.








