Яқин Шарқдаги кескинлик: АҚШ фуқароларини огоҳлантирди
АҚШ элчихоналарининг огоҳлантириши Ямандаги ҳусийлар ва Саудия Арабистони ўртасидаги қарама-қаршилик кучайиши эҳтимоли фонида берилди.

АҚШнинг Яқин Шарқдаги дипломатик ваколатхоналари минтақадаги хавфсизлик вазияти кескинлашиши мумкинлигидан огоҳлантириб, Америка фуқароларини эҳтиёткор бўлишга чақирди.
19 сентябрь куни АҚШнинг Баҳрайн, Исроил, Ироқ, Иордания, Қувайт, Ливан, Уммон, Қатар, Саудия Арабистони ва БААда фаолият юритувчи элчихоналари ҳамда дипломатик ваколатхоналари тегишли огоҳлантиришларни эълон қилган.
АҚШнинг Ливандаги элчихонаси фуқароларга ҳушёр бўлишни, шунингдек, эҳтимолий рейсларнинг бекор қилиниши, ҳаво ҳудудларининг ёпилиши ва транспорт қатновларидаги узилишлар ҳақидаги маълумотлардан хабардор бўлиб туришни тавсия қилган.
Дипломатик ваколатхоналар минтақадаги вазият «мураккаб»лигича қолаётганини ва ҳарбий можаро тез суръатларда кучайиши мумкинлигини қайд этган.
Огоҳлантиришлар Ямандаги ҳусийлар ҳаракати ва Саудия Арабистони ўртасидаги қарама-қаршилик кучайиши эҳтимоли ортидан янграган.
Ҳусийлар шанба куни Саудия Арабистонидаги нишонларга баллистик ва қанотли ракеталар ҳамда дронлар ёрдамида ҳужумлар уюштирилганини маълум қилган. Уларнинг баёнотига кўра, ҳужумлардан бири Ар-Риёддаги нишонларга, иккинчиси эса Янбу шаҳридаги Saudi Aramco объектларига қаратилган.
Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция вакили эса қироллик ҳаво мудофааси Ар-Риёд томон учирилган баллистик ракетани тутиб қолганини билдирган. Шунингдек, Байш, Тоиф, Фарасон ва Янбу шаҳарлари ҳам ҳужумларга учрагани айтилган.
Минтақадаги кескинлик фонида АҚШ дипломатик ваколатхоналари фуқаролардан хавфсизлик чораларига риоя қилиш ва транспорт қатновларидаги эҳтимолий ўзгаришларга тайёр туришни сўраган.








