Жанубий Кореяда мина портлади: уч ҳарбий хизматчи жароҳатланди
Ҳодиса Жанубий Корея ҳарбийлари чегара ҳудудида қидирув ишларини олиб бораётган пайтда юз берган.

Жанубий Кореянинг уч нафар ҳарбий хизматчиси 21 сентябрь куни Шимолий Корея билан чегарадаги демилитаризация қилинган ҳудудда юз берган портлаш оқибатида жароҳатланди. Жанубий Корея Бирлашган штаб бошлиқлари қўмитаси маълумотига кўра, ҳодиса ҳарбий демаркация чизиғининг жанубида, ҳудуднинг ғарбий қисмида содир бўлган.
Портлаш маҳаллий вақт билан соат 11:00 атрофида Жанубий Корея армиясининг 25-пиёда дивизияси назоратидаги ҳудудда қидирув ишлари олиб борилаётган вақтда юз берган. Ҳарбийлар портлаш манбасини ҳозирча аниқламаган. Маҳаллий ОАВ эса ҳодисага мина сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини хабар қилган. Унинг Шимолий ёки Жанубий Корея томонидан ўрнатилгани эса номаълум.
Жароҳатланган икки ҳарбий вертолётда Сеонгнам шаҳридаги Қуролли кучлар марказий шифохонасига олиб кетилган. Учинчи ҳарбий хизматчи ҳамда операцияда қатнашган бошқа аскарлар тиббий кўрикдан ўтказиш учун шифохонага юборилган.
Жанубий Корея ҳарбийлари портлаш сабабларини аниқлаш бўйича тергов бошлаган.
Маълумот учун, демилитаризация қилинган ҳудуд 1950–1953 йиллардаги Корея урушидан кейин ташкил этилган бўлиб, Корея яриморолининг икки давлатини ажратиб туради. Тахминан 250 километр узунликдаги ҳудуд дунёдаги энг кучли ҳарбийлаштирилган чегаралардан бири ҳисобланади.
Сўнгги йилларда Шимолий Корея чегарани мустаҳкамлаш доирасида ҳудудни миналаш, йўллар қуриш ва танкларга қарши тўсиқлар ўрнатиш ишларини олиб бормоқда. Жанубий Корея ҳарбийлари июль ойида кучли ёмғирлар Шимол томонидан ўрнатилган айрим миналарни ювиб, Жанубий Корея ҳудудига олиб ўтган бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирган эди.
21 сентябрдаги портлаш демилитаризация қилинган ҳудудида ноябрь ойидан бери қайд этилган илк шундай ҳодиса бўлди. 2025 йил ноябрида ҳам жанубий кореялик ҳарбий хизматчи миналарни аниқлаш операцияси вақтида юз берган портлашда жароҳатланган эди.








