1,3 гектарлик ҳудудда автотураргоҳ: Миллий кутубхона ортидаги лойиҳа маълум қилинди
Тошкентдаги Миллий кутубхона ортидаги ҳудудда давлат-хусусий шериклик асосида пулли автотураргоҳ ва жамоат макони ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ортидаги 1,3 гектарлик майдонда тартибли автотураргоҳ барпо этилиб, ҳудуд ободонлаштирилади. Лойиҳа давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилиши кўзда тутилган.
Лойиҳа доирасида ҳудуддаги мавжуд дарахтлар ва пиёдалар учун ажратилган майдонлар сақлаб қолинади. Автотураргоҳ ташкил этилиши муносабати билан дарахтларни кесиш режалаштирилмаган. Аксинча, ҳудудга 1 минг тупдан ортиқ дарахт ва бута экилиши кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, ҳудудда капитал қурилиш ишлари олиб борилмайди. Автотураргоҳ билан бир қаторда пиёдалар ва велосипед йўлаклари, дам олиш жойлари, болалар ҳамда воркаут майдончалари, енгил конструкцияли спорт объектлари ва санитария хоналари ташкил этилади.
Лойиҳа бўйича 720 метр узунликдаги янги пиёдалар йўлаги барпо этилади. Шунингдек, видеокузатув тизими, бўш автотураргоҳ жойларини кўрсатувчи электрон таблолар ва замонавий тўлов тизимини жорий этиш режалаштирилган.
Ҳудудни 10 йил муддатга фойдаланиш ҳуқуқи билан хусусий шерикка бериш учун ер участкасини электрон аукционга чиқариш кўзда тутилмоқда. Ғолиб бўлган хусусий шерик инвестиция мажбуриятларини бажариши, ҳудудни сақлаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришни таъминлаши керак бўлади.
Давлат-хусусий шериклик шартларига кўра, автотураргоҳ хизматларидан тушадиган маблағларнинг 20 фоизи шаҳар бюджетига йўналтирилади. Махсус ва тезкор хизмат транспорт воситалари учун ҳудуддан фойдаланиш бепул бўлади.
Бундан ташқари, шаҳар ҳокимияти талаби билан автотураргоҳ ҳудуди байрамлар, фестиваллар ва бошқа оммавий тадбирларни ўтказиш учун ҳам тақдим этилади. Бундай мақсадларда ҳудуддан фойдаланиш муддати йилига 60 кунгача бўлиши мумкин.
Лойиҳа ташаббускорларига кўра, автотураргоҳ ташкил этишдан асосий мақсад шаҳар марказидаги автомобиллар сонини кўпайтириш эмас, балки мавжуд транспорт оқимини тартибга солиш ва автомобилларнинг пиёдалар учун мўлжалланган ҳудудларда тартибсиз тўхташининг олдини олишдан иборат.
Қайд этилишича, ҳозирда ҳудудда тартибли автотураргоҳлар етишмагани сабабли автомобиллар бир неча қатор бўлиб, айрим ҳолларда пиёдалар учун ажратилган майдонларда ҳам тўхтаб турибди. Янги лойиҳа эса мавжуд ландшафт, яшил ҳудудлар ва пиёдалар маконини сақлаган ҳолда транспорт ҳаракатини тартибга солишга қаратилган.








