150 мингта иш, 70 мингта бекор қилинган қарор: Президент маъмурий одил судловни янги босқичга олиб чиқиш таклифлари билан танишди
Маъмурий одил судловни ривожлантиришнинг янги босқичида 15 га яқин ҳуқуқий институтни жорий этиш таклиф қилинди.

Президент Шавкат Мирзиёев маъмурий одил судловни янги босқичга олиб чиқиш истиқболларига бағишланган тақдимот билан танишди.
Маъмурий судлар фаолияти 2017 йил 1 июлдан йўлга қўйилган бўлиб, тизим давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолияти устидан суд назоратини кучайтириш, фуқаролар ҳамда тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилмоқда.
Ўтган даврда маъмурий судлар томонидан 150 мингга яқин иш кўриб чиқилган. Шундан 70 мингдан ортиқ ҳолатда давлат органларининг ноқонуний қарорлари бекор қилинган. Шунингдек, мансабдор шахсларнинг қонунга хилоф хатти-ҳаракатлари юзасидан юқори турувчи ёки бошқа ваколатли органларга 27 мингга яқин хусусий ажрим чиқарилган.
Тақдимотда соҳани ривожлантиришнинг навбатдаги босқичида илғор хорижий тажриба ва замонавий талаблар асосида 15 га яқин янги ҳуқуқий институтни жорий этиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Таклиф этилаётган ўзгаришлар, аввало, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини самарали тиклаш, давлат органлари устидан суд назоратини кучайтириш ва маъмурий судларнинг ваколатларини кенгайтиришга қаратилган.
Жумладан, фуқароларга ҳуқуқи бузилишидан олдин уни ҳимоя қилиш имконини берувчи проактив суд ҳимояси механизмини жорий этиш таклиф қилинмоқда. Бунинг учун судга мурожаат қилишнинг тўрт хил даъво шакли белгиланиши мумкин.
Шунингдек, судга мурожаат қилиш учун амалдаги олти ойлик муддатни қайта кўриб чиқиш таклиф этилди. Давлат органи томонидан қонунбузилиш содир этилганини тан олиш юзасидан судга муддатсиз мурожаат қилиш имкониятини яратиш назарда тутилмоқда.
Фуқароларга маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари уларнинг ҳуқуқларини бузган тақдирда, бундай ҳужжатлар устидан бевосита маъмурий судга шикоят қилиш ҳуқуқини бериш ҳам таклиф этилди.
Бундан ташқари, Конституцияда белгиланган мутаносиблик принципидан келиб чиқиб, маъмурий судларнинг ваколатларини кенгайтириш кўзда тутилмоқда. Улар фуқаролар ва тадбиркорларга нисбатан таъсир чораларини қўллашда давлат органларининг дискрецион ваколатлардан қонуний ва асосли фойдаланганини текшириши мумкин.
Суд қарорларининг сўзсиз ижросини таъминлаш бўйича ҳам янги механизм таклиф қилинди. Унга кўра, давлат органи мансабдор шахсига суд қарорини бажармагани учун жарима қўлланилганидан кейин ҳам қарор ижро этилмаса, суд қонуний чора кўриш учун прокурорга хабар беради.
Президент таклиф этилаётган ҳуқуқий институтлар инсон ҳуқуқлари қўпол бузилган ҳолларда уларни суд орқали самарали тиклаш, Конституцияда белгиланган мутаносиблик принципини амалда таъминлаш, давлат идоралари масъулиятини ошириш ҳамда суд қарорларининг муқаррар ижросига хизмат қилиши кераклигини таъкидлади ва ташаббусларни қўллаб-қувватлади.








