42 та сертификат эвазига 2,1 млн сўм: Сурхондарёда бўлим бошлиғи пора билан ушланди
Санитария бўлими бошлиғи мактабгача таълим ташкилоти раҳбарига 42 нафар ходимга санитария сертификатлари берилишини ваъда қилиб, пул талаб қилган.

Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманида санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими бошлиғи пора олаётганда ушланди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Шўрчи туман бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда бўлим бошлиғи Э. Э. мактабгача таълим ташкилотларидан бирининг раҳбари С. Х. га ташкилотнинг 42 нафар ходимига санитария сертификатлари олиб беришни ваъда қилгани аниқланган.
У мазкур хизмат эвазига 2,1 млн сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳолат юзасидан Э. Э. га нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.








