Генераллар ҳам қутула олмади: Хитойда икки юқори мартабали ҳарбий ҳайдалди
Генераллар партияга садоқатсизлик, гуруҳбозлик, мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш ва коррупцияда айбланган.

Хитойда икки юқори мартабали ҳарбий — Марказий ҳарбий комиссия раисининг собиқ ўринбосари Чжан Юся ва комиссия аъзоси, Бирлашган штаб бошқармасининг собиқ бошлиғи Лю Чжэнли Коммунистик партия ҳамда Хитой Халқ озодлик армияси сафидан чиқарилди.
Reuters хабарига кўра, қарор Хитой Коммунистик партияси Сиёсий бюросининг Си Сзиньпин раислигида ўтказилган йиғилишидан сўнг қабул қилинган. Уларнинг ишлари кейинги ҳуқуқий кўриб чиқиш ва тергов учун ҳарбий ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.
Расмий маълумотларда генераллар сиёсий интизом ва қоидаларга жиддий риоя қилмаслик, гуруҳлар ва фракциялар тузиш, партияга садоқатсизлик, хизмат вазифаларини лозим даражада бажармаслик, мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш ҳамда коррупцияда айбланган.
Шунингдек, Хитой расмийлари уларнинг сиёсий ва иқтисодий қонунбузарликлари ўзаро боғлиқ бўлганини, коррупция орқали шахсий манфаат орттириш ҳолатлари хизмат вазифаларини бажармаслик ва мансаб ваколатларидан фойдаланиш билан боғлиқ бўлганини билдирган.
Чжан Юся ва Лю Чжэнлига нисбатан тергов январь ойида бошланган. Август охирида эса улар Марказий ҳарбий комиссия таркибидан чиқарилган эди.
Чжан Юся Хитойнинг юқори мартабали ҳарбийларидан бири бўлиб, узоқ вақт давомида Си Сзиньпинга яқин шахс сифатида кўрилган. У, шунингдек, Хитой Коммунистик партияси Сиёсий бюроси аъзоси бўлган. Лю Чжэнли эса Марказий ҳарбий комиссия аъзоси ва Бирлашган штаб бошқармаси раҳбари лавозимларида ишлаган.
Мазкур иш Си Сзиньпин 2012 йилда ҳокимият тепасига келганидан буён Хитойда олиб борилаётган коррупцияга қарши кампания доирасидаги навбатдаги йирик чора бўлди. Сўнгги йилларда ушбу кампания Хитой армиясининг юқори мартабали раҳбарларини ҳам қамраб олган.
Reuters маълумотига кўра, сўнгги қарордан кейин Хитойнинг Марказий ҳарбий комиссиясидаги етти нафар аъзодан атиги икки нафари, жумладан, Си Сзиньпиннинг ўзи қолган.








