Кузовни кўтариш қимматга тушди: Қашқадарёдан Самарқандга электр узатувчи тармоқ ўчди
Унинг ўчиши Бухоро вилоятидаги шамол электр станцияларининг ишлаб чиқариш қувватига ҳам таъсир кўрсатган.

21 сентябрь куни соат 11:18 да юк автомобили чиқинди тўкиш мақсадида кузовини кўтарган вақтида Қашқадарё вилоятидан Самарқанд вилоятига электр энергияси узатувчи 500 кВ кучланишли “L-527” электр узатиш тармоғига тегиб кетган. Натижада тармоқ авариявий ўчган.
Энергетика вазирлиги хабарига кўра, мазкур тармоқ ягона 500 кВли электр узатиш тизими занжирининг бир қисми ҳисобланади. Унинг ўчиши Бухоро вилоятидаги шамол электр станцияларининг ишлаб чиқариш қувватига ҳам таъсир кўрсатган. Натижада ушбу станцияларнинг ишлаб чиқариш ҳажми 270 МВтга камайган.
Энергетика тизимидаги аварияга қарши ҳимоя тизимлари ўз вақтида ишга тушиб, йирик носозликларнинг олди олинган. Захира қувватлардан фойдаланилгани сабабли авария истеъмолчиларнинг электр таъминотига таъсир кўрсатмаган.
Энергетиклар томонидан зарур чоралар кўрилиб, носозлик соат 11:37 да бартараф этилган ва электр узатиш тармоғи қайта ишга туширилган.
Энергетиклар воқеа жойига етиб келганида, юк автомобили ҳайдовчиси у ерда бўлмаган.
Ҳодиса юзасидан ҳайдовчининг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилган.








