Мактабдаги отишма: Туркияда 10 киши яраланди
15 ёшли ўқувчи милтиқ билан мактаб олдига бориб, отишма уюштирган.

Туркиянинг Маниса вилояти Тургутлу шаҳридаги İnci Üzmez Mesleki ve Teknik Anadolu Lisesi олдида отишма содир бўлди. Ҳодиса оқибатида 10 нафар ўқувчи яраланган, улардан бирининг аҳволи оғир экани хабар қилинган.
Маҳаллий вақт билан соат 08:00 атрофида юз берган ҳодисада гумондор мактаб олдига ов милтиғи билан келиб, ўқ узган. Дастлабки маълумотларга кўра, у бир кун аввал мактабда жанжаллашган ўқувчиларни нишонга олган.
Маҳаллий нашрлар гумондор 2011 йилда туғилган, 9-синфда ўқийдиган 15 ёшли ўқувчи эканини ёзмоқда. У отишмадан сўнг воқеа жойидан қочган, бироқ ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан ушланган.
Жароҳатланганлар Тургутлу давлат шифохонасига олиб кетилган. Воқеа жойига кўплаб полиция ва тиббиёт ходимлари юборилган.
Маниса вилояти губернаторлигининг дастлабки маълумотига кўра, ҳодиса оқибатида 8 киши жабрланган. Кейинги хабарларда эса ярадорлар сони 10 нафарга етгани қайд этилган.
Ҳодиса юзасидан тергов олиб борилмоқда.








