Ўқувчилар эшакда мактабга қатнамоқда: ММТБ изоҳ берди
Мутасадди ташкилотлар ўқувчиларнинг мактабга хавфсиз ва қулай қатновини таъминлаш ҳамда йўл инфратузилмасини яхшилаш чораларини кўриб чиқмоқда.

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидаги ўқувчилар эшакда мактабга қатнаётгани акс этган видео тарқалди.
Самарқанд вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси маълум қилишича, видеодаги ҳолат Мавлонсой қишлоғида эмас, балки туман марказидан 40 километр узоқликда жойлашган Бургансой МФЙнинг Олмосувон қишлоғидаги 84-сонли умумий ўрта таълим мактабида содир бўлган.
Қайд этилишича, ушбу ҳудуд Қўшработ тумани билан чегарадош бўлиб, тоғ ёнбағирларида жойлашган кичик ва тарқоқ қишлоқлардан иборат. Ҳудуддаги ички йўллар асосан сўқмоқлардан ташкил топган.
Айни пайтда мактабнинг асосий биносида 92 нафар, филиалида эса 21 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Филиал ва асосий бино ўртасидаги масофа 3 километрни, асосий бинога қатнайдиган энг узоқ масофа эса 4 километрни ташкил этади.
5–11-синфларда жами 74 нафар ўқувчи таҳсил олади. Уларнинг 45 нафари Олмосувон қишлоғидан, 13 нафари Қўшамазор қишлоғидан, 17 нафари Тўлали ва 17 нафари Жилқиҳайдар қишлоқларидан асосий мактаб биносига қатнайди.
Бошқарма маълумотига кўра, тоғли ҳудуд ва аҳоли пунктларининг тарқоқ жойлашгани сабабли маҳаллий аҳолининг аксарияти, жумладан, ўқувчилар ҳам кундалик ҳаракатланишда эшаклардан фойдаланади.
Ҳозирда мутасадди ташкилотлар томонидан олис ва тоғли ҳудудларда ўқувчиларнинг мактабга хавфсиз ва қулай қатновини таъминлаш, шунингдек, йўл инфратузилмасини яхшилаш бўйича тегишли чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилмоқда.








