Қайси ҳудудда қайси касбга талаб юқори? Техникумларга қабул таҳлил қилинди
Ўзбекистонда техникумларда энг талабгир касб ва мутахассисликлар аниқланди.

Автомобилларни таъмирлаш ва уларга хизмат кўрсатиш техникумлардаги энг талабгир йўналиш бўлди. Бу ҳақда Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги томонидан техникумларнинг 2025/2026-ўқув йилидаги қабул кўрсаткичлари бўйича ўтказилган таҳлилда маълум қилинди.
Таҳлилга кўра, 2024/2025-ўқув йилида техникумлар учун 201 203 та қабул квотаси тасдиқланган ва шундан 156 528 нафар абитуриент ўқишга қабул қилинган. Қабул режасининг бажарилиш даражаси 76 фоизни ташкил этган.
2025/2026-ўқув йилида эса 287 301 та қабул квотаси ажратилиб, 249 130 нафар ўқувчи ўқишга қабул қилинган. Натижада қабул режасининг бажарилиш даражаси 86 фоизга етган.
Шу билан бирга, касб ва мутахассисликлар, таълим шакллари ҳамда ҳудудлар кесимида сезиларли тафовутлар сақланиб қолган.
2025/2026-ўқув йилида техникумларга қабул қилинган 249 130 нафар ўқувчининг 206 761 нафари давлат гранти, 42 369 нафари эса контракт асосида ўқишга қабул қилинган.
Шундай қилиб, давлат гранти асосидаги қабул улуши 83 фоизни, контракт асосидаги қабул улуши эса 17 фоизни ташкил этган.
2025/2026-ўқув йили учун дуал таълим шаклига 59 680 та қабул квотаси ажратилган. Амалда эса ушбу шаклга 41 080 нафар ўқувчи қабул қилинган.
Натижада дуал таълим бўйича қабул параметрларининг бажарилиш даражаси 68,8 фоизни ташкил этган. Дуал таълимдаги нисбатан паст кўрсаткич айрим ҳудудларда иш берувчилар иштирокининг чекланганлиги, амалий таълимни ташкил этиш имкониятларининг етарли эмаслиги ҳамда техникумлар ва корхоналар ўртасидаги ҳамкорлик шаклларининг турлича экани билан изоҳланган.
Техникумларда 450 дан ортиқ касб ва мутахассислик мавжуд бўлишига қарамай, қабулнинг асосий қисми чекланган сондаги йўналишларда жамланган.
Энг талабгир 7 та касб ва мутахассисликка умумий қабулнинг 49 фоизи тўғри келган. Жумладан:
-
“Автомобилларни таъмирлаш ва уларга хизмат кўрсатиш” — 20 фоиз;
-
«Тикувчи» — 7 фоиз;
-
“Ҳамширалик иши” — 6,2 фоиз;
-
«Тракторчи-машинист» — 5 фоиз;
-
“Даволаш иши” — 4,1 фоиз;
-
“Компьютер графикаси ва дизайн оператори” — 3,8 фоиз;
-
“Рақамли ахборотларни қайта ишлаш устаси” — 3,4 фоиз.
Шунингдек, айрим касб ва мутахассисликлар бўйича қабул параметрлари тасдиқланган квотага нисбатан 300–550 фоизгача ортиқча шакллантирилган.
Талаб энг паст бўлган йўналишлар қаторида «Бухгалтер», “Иккиламчи қайта ишлаш”, “Мебель ишлаб чиқариш технологияси”, «Кадастр» ва «Энергетика» (иссиқлик энергетикаси) қайд этилган.
Таҳлилда қабул параметрининг ноль ёки жуда паст даражада бўлиши ҳар доим ҳам мазкур касбга талаб йўқлигини англатмаслиги қайд этилган. Айрим ҳолларда гуруҳ шакллантириш учун тавсия этилганлар сони етарли бўлмагани сабабли ўқувчилар розилиги асосида улар бошқа яқин йўналишларга ўтказилган.
Билим соҳалари кесимида энг юқори талаб ахборот-коммуникация технологиялари йўналишида кузатилган. Ушбу соҳада 34 245 та квотага 40 788 нафар ўқувчи қабул қилинган ва қабул параметрларининг бажарилиши 119,1 фоизни ташкил этган.
Муҳандислик, ишлов бериш ва қурилиш соҳаларида бу кўрсаткич 88,5 фоиз, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминотда 85,2 фоиз, қишлоқ, ўрмон, балиқчилик хўжалиги ва ветеринарияда 85,1 фоизни ташкил этган.
Хизматлар соҳасида қабул режаси 75,6 фоиз, таълим соҳасида 73,8 фоизга бажарилган.
Нисбатан паст кўрсаткичлар бизнес, бошқарув ва ҳуқуқ — 47,2 фоиз, санъат ва гуманитар фанлар — 43,7 фоиз, табиий фанлар, математика ва статистика — 26,7 фоиз, ижтимоий фанлар, журналистика ва ахборот соҳасида — 22,3 фоизни ташкил этган.
Таълим соҳалари бўйича энг кўп ўқувчи муҳандислик ишига қабул қилинган — 76 584 нафар ёки жами қабулнинг 30,7 фоизи.
Кейинги ўринларда ахборот-коммуникация технологиялари — 40 788 нафар (16,4 фоиз), соғлиқни сақлаш — 34 245 нафар (13,7 фоиз), ишлаб чиқариш ва ишлов бериш — 32 407 нафар (13 фоиз) ҳамда қишлоқ хўжалиги — 24 842 нафар (10 фоиз) қайд этилган.
Мазкур беш йўналиш жами қабулнинг 83,8 фоизини ташкил этган.
Балиқ хўжалигига 90 нафар, транспорт хизматларига 17 нафар, физика ва табиий фанларга эса 15 нафар ўқувчи қабул қилинган. Ушбу йўналишларнинг жами қабулдаги улуши 0,1 фоиздан кам бўлган.
Таҳлилда ҳудудларнинг ўзига хос эҳтиёжлари ҳам ўрганилган. Натижада:
-
Тошкент шаҳрида — компьютер тизимларида дастурлаш;
-
Тошкент вилоятида — кимёвий ишлаб чиқариш лаборанти;
-
Самарқанд вилоятида — сартарошлик;
-
Сурхондарё вилоятида — қутқарувчилик;
-
Фарғона вилоятида — тикувчилик маҳсулотлари дизайни;
-
Навоий вилоятида — фойдали қазилмаларни майдалаш ва саралаш йўналишларига талаб юқорилиги аниқланган.
Республика бўйича техникумларга қабул параметрларининг ўртача бажарилиш даражаси 84,9 фоизни ташкил этган. Ҳудудлар кесимида эса ушбу кўрсаткич 65 фоиздан 100 фоизгача бўлган.
Энг юқори натижа Фарғона ва Самарқанд вилоятларида қайд этилиб, бу ҳудудларда қабул режаси тўлиқ бажарилган.
Бухоро ва Андижон вилоятларида қабул кўрсаткичи 96 фоиз, Жиззахда 93 фоиз, Наманганда эса 92 фоизни ташкил этган.
Агентлик таҳлилига кўра, мазкур натижалар техникумларга қабул параметрларини шакллантиришда меҳнат бозори эҳтиёжлари билан бир қаторда ёшларнинг касб ва мутахассисликларга бўлган қизиқишини ҳам ҳисобга олиш зарурлигини кўрсатмоқда. Шунингдек, кам талабгор йўналишларни қайта кўриб чиқиш ва қабул параметрларини реал эҳтиёжга мослаштириш таклиф этилган.








