“БМТ кучли бўлиши керак”: Садир Жапаров БМТ ислоҳотини таклиф қилди
Қирғизистон президенти БМТ доирасида санкцияларни дастлабки кўриб чиқиш, мониторинг қилиш ва мунтазам қайта кўриб чиқишнинг ягона халқаро механизмини яратишни таклифларини илгари сурди.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров БМТни ислоҳ қилиш ва ташкилот қарорларининг ижросини кучайтириш бўйича бир қатор таклифларни илгари сурди. У бу ҳақда БМТ Бош Ассамблеясининг 81-сессиясида нутқ сўзлади.
Жапаровнинг таъкидлашича, БМТ ташкил этилганидан буён Хавфсизлик Кенгаши таркибини кенгайтириш, бошқарув механизмларини модернизация қилиш, тинчликни сақлаш ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш каби йўналишларда ислоҳотлар муҳокама қилиб келинмоқда. Унинг фикрича, бу борадаги аввалги уринишлар кутилган натижани бермаган.
Қирғизистон президенти Хавфсизлик Кенгашини кенгайтириш масаласига алоҳида тўхталган. У аҳолиси 1 миллиарддан ортиқ бўлган Африка қитъасига иккита доимий ўрин, Лотин Америкасига эса битта доимий ўрин беришни таклиф қилган.
Шунингдек, Жапаров БМТ қарорларининг бажарилишини таъминлаш механизмларини кучайтириш зарурлигини таъкидлаган. Унинг таклифига кўра, БМТ қарорлари мунтазам равишда бажарилмаётган ҳолатларни кўриб чиқишда Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари вето ҳуқуқидан ихтиёрий равишда тийилиши керак.
Жапаровнинг айтишича, агар БМТ қарорларини ижро этиш механизмлари доимий аъзоларнинг вето ҳуқуқи орқали мунтазам блокланса, бу ҳолат БМТ Низоми ва аъзо давлатларнинг тенг жавобгарлиги тамойилига зид бўлиши мумкин.
Унинг маълум қилишича, Қирғизистон 2027 йил 1 январдан БМТ Хавфсизлик Кенгаши аъзоси сифатида ушбу таклифларни тегишли қўмитага расман тақдим этишни режалаштирмоқда.
Бундан ташқари, Қирғизистон президенти давлатларга нисбатан санкциялар қўллаш механизмини ҳам қайта кўриб чиқишни таклиф қилган.
Жапаровнинг фикрича, санкцияларни қўллаш билан боғлиқ ташаббуслар БМТ доирасида дастлабки кўриб чиқилиши керак. Бундай механизм орқали санкцияларнинг эҳтимолий гуманитар, иқтисодий ва ижтимоий оқибатлари баҳоланиши мумкин.
У санкцияларни жорий этувчи давлатлар бундай чоралар учун ҳуқуқий асос, уларнинг зарурати ва мақсадларини, шунингдек, санкцияларни бекор қилиш мезонлари ва шартларини аниқ кўрсатиши кераклигини билдирган.
Жапаров, шунингдек, БМТ шафелигида санкцияларни мониторинг қилиш ва уларни мунтазам қайта кўриб чиқишнинг ягона халқаро механизмини яратишни таклиф қилган.
Ҳозирда БМТ Хавфсизлик Кенгаши халқаро тинчлик ва хавфсизликка таҳдидлар бўйича, жумладан, санкция чораларини белгилаш ваколатига эга. БМТнинг амалдаги санкция режимлари Хавфсизлик Кенгаши резолюциялари асосида юритилади.
Жапаровнинг таъкидлашича, бундай ёндашув халқаро санкциялар тизимида шаффофлик ва ҳисобдорликни оширишга хизмат қилиши керак.








