Дунё нон нархи ошишига тайёрланмоқда: буғдой нархи 40 фоизга кўтарилди
Бунга Қора денгиз орқали Россия ва Украинадан дон етказиб беришдаги узилишлар сабаб бўлмоқда.

Кемалар ва порт инфратузилмасига уюштирилган ҳужумлар сабаб буғдойнинг жаҳон бозоридаги нархи кескин ошди. Ушбу ҳужумлар июль ойидан бери Қора денгиз минтақасидан юк ташишни деярли тўхтатиб қўйди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
23 сентябрь ҳолатига кўра, Чикаго биржасида буғдой фьючерслари июнь ойидаги энг паст кўрсаткичларга нисбатан 40 фоизга ошиб, уч ярим йилдаги энг юқори даражага етди.
Осиё, Яқин Шарқ ва Африкадаги йирик импортчилар Украина ва Россиядан буғдой етказиб берилишига умид қилган эди. Бироқ ҳозир улар муқобил етказиб берувчиларни излашга мажбур бўлмоқда.
Кўплаб харидорлар Қора денгиз орқали дон етказиб беришни қайта тиклаш имконини берадиган келишувга умид қилиб, бир неча ой давомида харидларни кечиктирди. Эндиликда уларнинг маҳаллий захиралари, айниқса импортга қарам Осиё мамлакатларида, камайиб бормоқда.
Reuters маълумотларига кўра, йил охиригача мавжуд дон учун рақобат янада кучайиши мумкин. Бу даврда Жанубий яримшарда янги ҳосил бозорга чиқа бошлайди. Унгача эса нархлар янада ошиши кутилмоқда.
Буғдой нархининг кўтарилиши, шунингдек, дон импортига энг кўп қарам бўлган мамлакатларда озиқ-овқат инфляциясининг янги тўлқинини юзага келтириши мумкин.








