Янги терминал ва 3,5 млн йўловчи: Андижон аэропорти имкониятлари кенгайтирилади
Андижон халқаро аэропортини реконструкция қилиш лойиҳасининг 1,1 трлн сўмлик иккинчи босқичи давом этмоқда. Янги терминал ишга тушгач, аэропортнинг йўловчиларга хизмат кўрсатиш қуввати соатига 1 минг нафаргача ошади.

Шавкат Мирзиёев вилоятга ташрифини аэропортдаги бунёдкорлик ишлари билан танишишдан бошлади.
Маълум қилинишича, давлат раҳбари бундан уч йил аввал Андижонга ташрифи чоғида аэропортни модернизация қилиш бўйича топшириқлар берган. Ўтган йилги ташриф давомида ҳам реконструкция жараёнини кўздан кечирган.
1978 йилда фойдаланишга топширилган ва 2013 йилда халқаро мақом олган Андижон аэропортининг умумий майдони 243,4 гектарни ташкил этади. Ҳозирда бу ерда 100 нафар ходим меҳнат қилмоқда.
Аэродром мажмуасини реконструкция қилиш лойиҳасининг умумий қиймати 1,1 трлн сўмга тенг.
Лойиҳанинг биринчи босқичида аэропорт инфратузилмаси янгиланди. Жумладан, учиш-қўниш йўлаги 3,3 километргача узайтирилиб, кенглиги 60 метр бўлган янги 4Э тоифали йўлак барпо этилди. Шунингдек, 10 та ҳаво кемасига мўлжалланган тўхташ жойлари ва руллаш йўлаклари қурилди.
Учиш-қўниш йўлагига 50 йилгача хизмат қилишга мўлжалланган цемент-бетон қопламаси ётқизилди. Германиянинг юқори аниқликдаги ёритиш-сигнал тизими ўрнатилиши натижасида самолётларни тунги вақтда ҳамда қуюқ туман шароитида хавфсиз қабул қилиш имконияти яратилди. Кўриш масофаси 300 метргача қисқарган ҳолатда ҳам ҳаво кемаларини қўндириш мумкин.
Шунингдек, аэропорт эндиликда кенг фюзеляжли йирик ҳаво кемаларини чекловларсиз қабул қилиш имкониятига эга.
Ҳозирда реконструкциянинг иккинчи босқичи амалга оширилмоқда. Унинг доирасида умумий майдони 19 минг 685 квадрат метр бўлган икки қаватли замонавий терминал биноси қурилмоқда.
Янги терминал ишга тушгач, аэропортнинг йўловчиларга хизмат кўрсатиш қуввати соатига 200 нафардан 1 минг нафаргача, яъни беш баробарга ошади. Шунингдек, ҳудудда юқори тезликдаги Ви-Фи тармоғи ва ақлли хизматлар жорий этилади.
Давлат раҳбарига аэропортни ривожлантириш концепцияси ҳам тақдим этилди. Президент терминал биносини белгиланган муддатда ва сифатли фойдаланишга топшириш бўйича масъулларга топшириқлар берди.
Бугунги кунда Андижон халқаро аэропорти орқали маҳаллий ва халқаро йўналишларда 7 та авиакомпания мунтазам қатновларни амалга оширмоқда. Келгусида йиллик авиарейслар сонини 808 тадан 2,5 мингтагача, йўловчиларга хизмат кўрсатиш имкониятини эса йилига 3,5 млн нафаргача етказиш режалаштирилган.
Қайд этилишича, амалга оширилаётган лойиҳалар вилоят аҳолиси ва меҳмонлари учун транспорт қулайлигини ошириш, ҳудуднинг иқтисодий ҳамда туристик салоҳиятини ривожлантиришга хизмат қилади. Аэропорт атрофида замонавий сервис объектларини ривожлантириш ва хизматлар сифатини ошириш юзасидан ҳам тегишли кўрсатмалар берилди.








