Ўзбекистон Қаҳрамони Парда Зиятов 79 ёшида вафот этди
Таниқли фермер вафоти муносабати билан Президент Шавкат Мирзиёев ҳамдардлик билдирди.

Ўзбекистон Қаҳрамони, таниқли фермер Парда Зиятов 23 сентябрь куни 79 ёшида вафот этди.
Парда Зиятов 1947 йилда Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида туғилган. Самарқанд қишлоқ хўжалиги техникумида агроном мутахассислиги бўйича таҳсил олган.
Меҳнат фаолиятини Ҳамроқул Носиров номидаги жамоа хўжалигида табелчи сифатида бошлаган. Кейинчалик мазкур хўжаликда бригада бошлиғи ва ширкат хўжалиги бош пудратчиси каби лавозимларда ишлаган.
2003–2018 йилларда Шароф Рашидов туманидаги “Қуёшсевар Парда” фермер хўжалигига раҳбарлик қилган. У аграр соҳадаги ислоҳотларни амалга ошириш, фермерлик ҳаракатини ривожлантириш, пахтачилик ва ғаллачиликда илғор тажрибаларни жорий этишга катта ҳисса қўшган.
Парда Зиятов кўплаб ёшларга устозлик қилиб, қишлоқ хўжалиги соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлашга ҳам муносиб ҳисса қўшган.
У 1990–1995 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати, 2005–2015 йилларда Олий Мажлис Сенати аъзоси, шунингдек, кўп йиллар давомида халқ депутатлари вилоят ва туман Кенгашлари депутати сифатида фаолият юритган.
Парда Зиятов ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожи, аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишларида фаол иштирок этган.
Нафақага чиққанидан кейин ҳам қишлоқ ва маҳаллаларни обод қилиш, кекса авлод вакилларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш ишларида фаол бўлган.
Парда Зиятовнинг кўп йиллик самарали меҳнати давлат томонидан муносиб эътироф этилиб, унга “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони берилган.
Ўзбекистон Қаҳрамони, меҳнат фахрийси ва қишлоқ хўжалиги соҳаси фидойиси Парда Зиятовнинг хотираси қалбларда ҳамиша сақланиб қолади.
Парда Зиятов вафоти муносабати билан Президент Шавкат Мирзиёев, Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева, Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов, Бош вазир Абдулла Арипов ҳамда давлат ва жамоат арбоблари томонидан ҳамдардлик билдирилди.








