1 минг гектар ва 7 млрд доллар: Андижонда камида 70 минг юқори даромадли иш ўрни яратилади
Андижонда жорий йил учун режалаштирилган 3,5 млрд долларлик инвестициялар таркиби етарлича диверсификация қилинмагани қайд этилди.

Президент раислигида Андижон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли даромадларини ошириш масалаларига бағишланган йиғилишда инвестицияларнинг ҳажми билан бирга уларнинг сифати, таркиби ва иқтисодиётга берадиган самараси муҳимлиги таъкидланди.
Қайд этилишича, яқинда саноат ва тадбиркорликни ривожлантириш учун ажратилган 1 минг гектар майдон Андижонда 7 миллиард доллар инвестиция жалб этиш ва камида 70 мингта юқори даромадли иш ўрни яратишга хизмат қилиши керак.
Шу билан бирга, жорий йил учун режалаштирилган 3,5 миллиард долларлик инвестицияларнинг мамлакатлар ва тармоқлар бўйича таркиби етарлича диверсификация қилинмагани қайд этилди.
Йиғилишда ахборот технологиялари соҳасида хизматлар экспорти ва малакали кадрлар мавжуд бўлсада, унинг технологик базасини мустаҳкамлашга йўналтирилаётган инвестициялар етарли эмаслиги кўрсатиб ўтилди.
Давлат раҳбари сармояларни юқори қўшилган қиймат яратадиган, замонавий технологияларни олиб кирадиган ва барқарор иш ўринларини таъминлайдиган йўналишларга жалб қилиш зарурлигини таъкидлади.








