“60 млрд сўмлик тендер” ваъдаси: тадбиркордан 20 минг доллар олаётганлар ушланди
Зангиотада уч киши тадбиркорга ИИВга қарашли 4 та давлат мактабгача таълим ташкилотида 60 млрд сўмлик қурилиш ва реконструкция ишларини олиб беришни ваъда қилиб, пул талаб қилган.

Зангиота туманида тадбиркорга 60 млрд сўмлик қурилиш ва реконструкция ишларини олиб беришни ваъда қилиб, ундан пул олган уч киши ушланди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Зангиота тумани бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамкорлигида тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилишга қаратилган тезкор тадбир ўтказилди.
Унда уч фуқаро ўзаро тил бириктириб, «С.С.» МЧЖ раҳбари М.Н.га 100 минг АҚШ доллари эвазига юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали ИИВга қарашли 4 та давлат мактабгача таълим ташкилотида 60 млрд сўмлик реконструкция ва қурилиш ишларини олиб беришни ваъда қилгани аниқланган.
Улар мазкур маблағнинг 20 минг АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси ҳамда 28, 211-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.








