“Ўсишдаги рақамлар эмас, оилалар ҳаётидаги ўзгариш муҳим” — Шавкат Мирзиёев
Президент раислигидаги йиғилишда Андижон вилоятининг ижтимоий-иқтисодий ривожи, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли даромадларини ошириш масалалари муҳокама қилинмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Андижон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли даромадларини ошириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилмоқда.
Йиғилишда вилоят иқтисодиётининг жорий йил биринчи ярмидаги кўрсаткичлари қайд этилди. Унга кўра, ушбу даврда Андижон иқтисодиёти 8,8 фоиз, саноат 9,2 фоиз, хизматлар 16,1 фоиз ва инвестициялар 8,9 фоизга ўсган.
Давлат раҳбари эришилган иқтисодий натижаларни баҳолашда фақат рақамларга эмас, уларнинг аҳоли турмушига таъсирига эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади.
“Бизга ўсишдаги рақамлар эмас, балки ҳар бир кўрсаткич ҳар бир оиланинг кундалик ҳаётига қандай ўзгариш олиб киргани муҳим”, — деди Шавкат Мирзиёев.
Андижонда ер ва табиий бойликлар чекланган бўлсада, вилоятнинг ҳаракатчан аҳолиси, кучли тадбиркорлик муҳити, кўп сонли ёшлар, шаклланган саноат мактаби ва катта ички бозор каби имкониятлари мавжудлиги қайд этилди.
Маълум қилинишича, сўнгги 10 йилда вилоятга республика буджетидан 20 триллион сўм йўналтирилган. Банклар томонидан эса тадбиркорликни ривожлантириш учун 90 триллион сўм маблағ ажратилган.
Биргина жорий йилда аҳоли фаровонлигини оширишга 6 триллион сўм йўналтирилгани қайд этилди.
Йиғилишда ҳокимларга берилган ваколатлар ҳамда яратилган молиявий имкониятлар аниқ натижаларга айланиши зарурлиги таъкидланди.








