Сурхондарёда МИБ орқали бола онаси бағрига қайтди
Ижро ҳужжатига асосан, болани она тарбиясига олиб бериш белгиланган эди.

Ангор туманида суд ҳужжати ижроси таъминланиб, бир неча ойдан буён она меҳридан узоқда бўлган вояга етмаган фарзанд онаси бағрига қайтарилди.
Фуқаролик ишлари бўйича Шеробод туманлараро судининг ижро ҳужжатига асосан, болани она тарбиясига олиб бериш белгиланган эди. Бироқ қарздор ота суд ҳужжати талабларини ихтиёрий бажаришдан бўйин товлаб, фарзандини яшириб келган.
Мажбурий ижро бюроси Ангор туман бўлими давлат ижрочилари томонидан олиб борилган қидирув тадбирлари натижасида боланинг қаердалиги аниқланиб, уни онаси тарбиясига олиб бериш таъминланди.
Фарзанди билан қайта дийдор кўришган она кўз ёшларини яшира олмади. Она бағрига қайтарилган боланинг ҳам онаси билан бирга эканидан хурсандлиги унинг чеҳрасида акс этди.
Шу тариқа, суд ҳужжати ижроси таъминланиб, фарзанд она меҳри ва бағрига қайтарилди.







