“Ўтмишга нисбатан нафрат келажакдан маҳрум бўлиш билан баробардир” — Тўқаев
Қозоғистон Президенти жамиятни доимий равишда айбдор излашдан воз кечишга чақирди.

Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев жамиятни ўтмишга нисбатан нафрат ва доимий равишда айбдор излаш кайфиятидан воз кечишга чақирди. Бу ҳақда Қозоғистон Президенти матбуот хизмати хабар берди.
Тўқаев тарихни тўғри тушуниш муҳим кўникмалардан бири эканини таъкидлаган. Унинг фикрича, ўтмишни доимий равишда салбий баҳолаш келажак ҳақидаги тасаввурларга ҳам таъсир қилиши мумкин.
“Доимо кимнидир айбдор деб излайдиган ва ўз муваффақиятсизликларини оқлашга ҳаракат қиладиган шахсни ёки бутун бир миллатни қандай келажак кутмоқда?” — деган Қозоғистон раҳбари.
У бундай ёндашувлардан воз кечиш, ёш авлодни қўрқоқлик, айбдор излаш ва ҳаддан ташқари хавотирдан ҳимоя қилиш зарурлигини таъкидлаган.
Президент ёшлар ўз миллати тарихидан фахрланиши ва мамлакат келажагига ишонч билан қараши кераклигини қайд этган.
Тўқаев Қозоғистон халқи тарих давомида кўплаб синовларни бошдан кечирганига қарамай, ўзининг матонати ва яшаш иродасини сақлаб қолганини айтган.
У аждодлар анъаналари, дин, она тили ва миллий ўзликни асраб-авайлаш билан бирга, инновация ва бунёдкорликка интилиш зарурлигини таъкидлаган.
Шунингдек, давлат раҳбари ёш авлод тарбиясига алоҳида эътибор қаратиб, мамлакат келажаги таълим ва тарбияга боғлиқлигини қайд этган.








