Тошкентда МИБ орқали тарихий китоблар давлатга қайтарилди
Экспертиза натижасига кўра, ушбу китоблар маданий ва тарихий аҳамиятга эга экани аниқланган.

Мажбурий ижро бюросининг Янгиҳаёт туман бўлими иш юритувида бўлган жиноят ишлари бўйича Тошкент туман судининг 2025 йил 3 февралдаги ижро варақасига асосан, ҳуқуқбузар фуқарога оид иш бўйича олиб қўйилган, умумий қиймати 20 миллион сўм бўлган 2 дона китобни давлат даромадига ўтказиш белгиланган.
Мазкур ижро ҳужжати 2025 йил 19 сентябрь куни Бюронинг Янгиҳаёт туман бўлими иш юритувига келиб тушган.
Суд қарорида қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги Бадиий экспертиза бошқармаси бош мутахассислари томонидан 2024 йил 26 декабрь куни ўтказилган экспертиза натижасига кўра, ушбу китоблар маданий ва тарихий аҳамиятга эга экани аниқланган.
Қонунчилик талабларига мувофиқ, тарихий, илмий, бадиий ва бошқа маданий қимматга эга бўлган мол-мулклар давлат музейлари ҳамда илмий муассасаларга текин бериш учун тегишли тартибда топширилади.
Шундан келиб чиқиб, мазкур китоблар 2026 йил 14 сентябрь куни тегишли далолатнома асосида Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказига топширилди.







