Хусусий ОТМга киритиш ваъдаси: ИИО инспектори ва яна икки киши ушланди
Фуқарога Тошкентдаги хусусий олийгоҳнинг 3-босқичига Россияда икки йил ўқиганини тасдиқловчи сохта ҳужжатлар орқали киритиш ваъда қилинган.

Тошкентда сохта ҳужжатлар асосида хусусий олийгоҳнинг 3-босқичига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган шахслар қўлга олинди.
1997 йилда Ғаллаорол туманида туғилган, ҳозирда Тошкентда яшовчи шахс фуқаронинг ишончига кирган. У танишлари ёрдамида фуқарони гўёки Россиядаги олий таълим муассасаларидан бирида икки йил ўқиганини тасдиқловчи сохта ҳужжатлар асосида Тошкентдаги хусусий олийгоҳнинг 3-босқичига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган. Бунинг эвазига 8 минг доллар талаб қилиб, 7,5 минг долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу 7,5 минг долларни ундан олган 1993 йилда туғилган фуқаро ҳам қўлга олинган. Терговга қадар текширув давомида Яккасарой тумани ИИО ФМБ инспектор-психологи ҳам ноқонуний ишга алоқадор экани аниқланган. Инспектор ҳам 7,5 минг долларни олган вақтида ушланган.
Ҳозирда уч нафар шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ДХХ фуқароларни шу каби қонунбузарлик ҳолатларига дуч келган тақдирда, 1520 қисқа рақамига хабар беришга чақирди. Хабар берган шахснинг маълумотлари сир сақланиши кафолатланади.








