Каспийдаги фожиа: бедарак йўқолган икки ҳарбийнинг жасади топилди
17 ҳарбий хизматчи билан юз берган фожиа ортидан олиб борилган қидирув-қутқарув ишлари якунланди.

Қозоғистонда Каспий денгизида бедарак йўқолган икки ҳарбий хизматчининг жасади топилди. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Мудофаа вазирлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, 25 сентябрь куни соат 09:15 атрофида давом этаётган қидирув-қутқарув ишлари давомида бедарак йўқолган икки ҳарбий хизматчи — сержант Мансур Гумаров ва матрос Мирас Турдибекулининг жасадлари топилган.
Шу билан Каспий денгизи ҳудудида ўтказилган қидирув-қутқарув операцияси якунланган.
Эслатиб ўтамиз, фожиа ҳарбий ўқув-жанговар вазифани бажариш вақтида об-ҳавонинг кескин ёмонлашиши оқибатида юз берган. Натижада 17 нафар ҳарбий хизматчи очиқ денгизга юборилган. Улардан 3 нафари қутқарилган, 14 нафари ҳалок бўлган.
Қозоғистон Мудофаа вазирлиги ва Қуролли кучлари раҳбарияти ҳамда ходимлари ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирган.
Таъкидланишича, ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оилаларига, жумладан, моддий ва психологик ёрдам кўрсатилади.








