Мактабларда ўқувчиларнинг сумкалари текширилмоқда: электрон сигареталар топилди
Ўзбекистонда электрон сигареталар тақиқланган бўлиб, уларни сақлаганлик учун қонунчиликда жарима белгиланган.

Профилактика инспекторлари томонидан мактабларда ўтказилаётган текширувлар давомида ўқувчиларнинг сумкаларидан электрон сигареталар аниқланган. Бу ҳақда Бош прокуратура маълум қилди.
Шунингдек, ўқувчилар билан вейп ва бошқа тақиқланган маҳсулотларнинг ноқонуний муомаласига йўл қўймаслик бўйича профилактик суҳбатлар ўтказилмоқда.
Ўзбекистонда электрон сигареталар ва никотин истеъмол қилиш мосламаларининг муомаласи тақиқланган.
Бош прокуратура маълумотига кўра, шахсий фойдаланиш учун бир дона вейпни сақлаганлик учун 1 БҲМ, яъни 440 минг сўм миқдорида жарима қўлланади.
Икки ёки ундан ортиқ қурилма аниқланган ҳолатларда эса 100–200 БҲМ миқдорида жарима ҳамда қурилмаларни мусодара қилиш назарда тутилган. Бу миқдор 88 млн сўмгача етиши мумкин.
Профилактика тадбирлари доирасида мактабларда ўқувчилар билан тушунтириш ишлари ҳам олиб борилмоқда.








