Нетаняхунинг БМТдаги нутқига норозилик: делегациялар зални тарк этди
Исроил бош вазири чиқиб кетмаганларни ҳам зални тарк этишга чақирган.

Исроил бош вазири Бенямин Нетаняху БМТ Бош Ассамблеясида нутқ сўзлаш учун минбарга чиққанида бир нечта давлат делегациялари норозилик сифатида зални тарк этди. Бу ҳақда Sky News хабар берди.
Нетаняху минбарга таклиф қилинганидан сўнг, ўнлаб дипломатлар ўринларидан туриб, чиқиш томон йўл олган. Шу пайтда залда норозилик ҳайқириқлари ҳам янграган.
Нутқининг бошида Нетаняху ҳали зални тарк этмаганларни ҳам чиқиб кетишга чақирган.
«Агар бу хонани ҳали тарк этмаган ахлоқий қўрқоқлар бўлса, илтимос, ҳозир чиқиб кетинглар», — деган у.
Шунингдек, Исроил бош вазири Исроил делегацияси зални тарк этган кўплаб давлатларни ҳимоя қилишини таъкидлаган.
Шу билан бирга, Исроил делегацияси ва бошқа айрим вакиллардан иборат аудиториянинг бир қисми Нетаняхуни олқишлаган.
Сўнгги йилларда Нетаняху БМТ Бош Ассамблеясининг умумий сиёсий мунозараларида нисбатан кам сонли аудитория қаршисида нутқ сўзлаб келмоқда.
Маълумот учун, 2024 йил 21 ноябрда Халқаро жиноят суди Бенямин Нетаняху ҳамда Исроилнинг собиқ мудофаа вазири Ёав Галантни ҳибсга олиш учун ордер берди. Уларга Ғазодаги вазият билан боғлиқ уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятлар бўйича айбловлар қўйилган.
Исроил Халқаро жиноят судининг юрисдикциясини тан олмаслигини билдирган.








