Туризм, авиация ва инвестициялар: Ўзбекистон Туркия билан ҳамкорликни кенгайтиради
Туркия инвесторлари иштирокида меҳмонхона мажмуаларини барпо этиш, турк меҳмонхона брендларини жалб қилиш ва авиаташувлар географиясини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон ва Туркия туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси маълум қилди.
Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аккулов Туркия Республикаси Маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой билан учрашув ўтказди.
Мулоқотда икки мамлакат ўртасидаги туризм соҳасидаги кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро тажриба алмашиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, Туркиянинг туризмни бошқариш, туристик ҳудудларни ривожлантириш, замонавий меҳмонхона инфратузилмасини яратиш ва рақамли технологиялардан фойдаланиш борасидаги тажрибасини Ўзбекистонда қўллаш имкониятлари кўриб чиқилди.
Шунингдек, икки мамлакат туроператорлари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни кенгайтириш, форум ва B2B учрашувларини ташкил этиш бўйича таклифлар билдирилди.
Туризм инфратузилмасини ривожлантириш доирасида Туркия инвесторлари иштирокида Ўзбекистон ҳудудларида замонавий меҳмонхона мажмуаларини барпо этиш ҳамда турк халқаро меҳмонхона брендларини мамлакатга жалб қилиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Авиация йўналишида эса “Turkish Airlines” ва бошқа Туркия авиакомпаниялари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, икки давлат ўртасидаги авиаташувлар географияси ва имкониятларини кенгайтириш масалаларига эътибор қаратилди.
Туризм соҳаси учун кадрлар тайёрлаш ва илмий-амалий ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Каппадокия университети билан ҳамкорлик ўрнатиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда мутахассисларни жалб қилиш таклифи илгари сурилди.
Учрашувда Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини Туркия бозорида кенг тарғиб қилиш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Шу мақсадда TRT, Туркия Туризмни тарғиб қилиш ва ривожлантириш агентлиги (TGA) ҳамда Ўзбекистоннинг тегишли ташкилотлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, медиа ва пресс-турлар ташкил этиш, рақамли платформалар, блогерлар ва ОАВ имкониятларидан фойдаланиш бўйича таклифлар билдирилди.
Шунингдек, Туркияда сақланиб қолган “Ўзбек карвонсаройлари”ни Ўзбекистоннинг туризм ва маданият марказларига айлантириш, улар орқали мамлакатнинг сайёҳлик салоҳиятини тарғиб қилиш масаласи кўриб чиқилди.
Томонлар зиёрат туризми, Имом Бухорий мероси, Ислом цивилизацияси маркази ҳамда кино ва сериаллар орқали Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини Туркия аудиториясига етказишга қаратилган қўшма медиалойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини ҳам муҳокама қилди.
Бундан ташқари, TİKA билан туризм ва таълим йўналишларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда грант маблағларини жалб қилиш масалалари кўриб чиқилди.
Томонлар 2026 йил 25–27 ноябрь кунлари Тошкентда ўтказиладиган “Ипак йўлида туризм” 31-Тошкент халқаро туризм ярмаркаси доирасидаги ҳамкорлик масалаларини ҳам муҳокама қилди.
Хусусан, ярмарка доирасида “Ўзбекистон–Туркия” туризм бўйича Қўшма комиссиясининг навбатдаги йиғилишини ўтказиш, Туркия туризм соҳаси вакилларининг миллий стенд билан иштирокини таъминлаш ҳамда “Invest Forum” тадбирида Туркиянинг ҳамкор давлат сифатида қатнашиши бўйича таклифлар билдирилди.
Учрашувда илгари сурилган ташаббуслар икки мамлакат ўртасидаги туристик оқимни ошириш, инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, авиаташувларни ривожлантириш ва туризм соҳасида тажриба алмашинувини кучайтиришга қаратилгани таъкидланди.








