АҚШ Украинага 400 млн доллар ҳарбий ёрдам ажратади — Reuters
Ёрдам доирасидаги етказиб беришлар 2029 йил октябригача давом этиши кутилмоқда

АҚШ маъмурияти Конгресс томонидан Украина учун ажратилган қарийб 400 млн долларлик ҳарбий ёрдам маблағларининг деярли барчасини шартномалар орқали расмийлаштирди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Маблағлар учун белгиланган муддат 30 сентябрда якунланади. Агар шу вақтгача маблағлар бўйича тегишли мажбуриятлар расмийлаштирилмаса, уларнинг бир қисми ўз кучини йўқотиши мумкин эди.
Reuters маълумотига кўра, АҚШ маъмурияти 307 млн долларлик шартномаларни аллақачон имзолаган. Қолган 93 млн долларни ҳам 30 сентябргача шартнома асосида расмийлаштириш режалаштирилган. Ёрдам доирасидаги қурол-яроғ ва жиҳозларнинг қолган қисми 2029 йил октябригача етказиб берилиши кутилмоқда.
Дастлабки етказиб беришлар сентябрь ойида бошланган. Улар орасида ҳужумкор қуроллар ҳамда зирҳли техника учун эҳтиёт қисмлар бор.
Reuters манбаларидан бирининг маълум қилишича, ёрдам пакетига Украина томонидан сўралган Патриот ҳаво мудофааси тизими учун ракеталар киритилмаган. Агентликка кўра, АҚШ ва Украинада бундай ракеталарга эҳтиёж юқори бўлиб қолмоқда, глобал захиралар эса чекланган.
Мазкур маблағларнинг кечиктирилгани аввалроқ АҚШ Конгрессида ҳам танқидга сабаб бўлган. Айрим демократ ва республикачи қонунчилар маъмуриятни Конгресс томонидан тасдиқланган ёрдамни ўз вақтида расмийлаштирмагани учун танқид қилган.







